Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Турахужаев Ҳалилилло Собиржоновичнинг коррупцияга қарши курашиш юзасидан йўллаган мурожаати
Ҳурматли Рақобат қўмитаси ходимлари ва қадрли истеъмолчилар!
Барчамизга маълумки, Ўзбекистонда сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашиш масаласи долзарб аҳамият касб этиб, давлат ва жамият бошқарувининг турли соҳаларидаги коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда унга қарши кескин ва муросасиз кураш олиб борилмоқда. Бемалол айтишимиз мумкинки, мазкур йўналишда мамлакатимизда салмоқли ҳуқуқий база – бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари яратилди, муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар ўтказилди, Ўзбекистон кўплаб халқаро тадбирларда иштирок этмоқда, ОАВларда деярли ҳар куни коррупция билан боғлиқ жиноятлар ёритилмоқда.
Айни кенг қамровли ўзгаришлар баробарида Рақобат қўмитаси томонидан ҳам жамиятда коррупцияга қарши курашиш маданияти даражасини ошириш учун Қўмита марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотларининг юқори ахлоқий меъёрларга содиқлигини, шунингдек, Қўмита тизими ходимлари томонидан ўз фаолиятида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишига йўл қўймасликлари, коррупцияга нисбатан кескин ва муросасиз муносабатни шакллантириш, бу каби ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, шунингдек уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш мақсадида самарали тизим шакллантирилган.
Қўмитанинг тегишли буйруғига асосан Қўмита ва унинг таркибий тузилмаларида манфаатлар тўқнашувини бошқаришни такомиллаштириш тўғрисидаги Низоми, Қўмитанинг коррупцияга қарши курашиш Сиёсати, ходимларнинг коррупциявий хатти-харакатлари, одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш ҳолатлари устидан хизмат текширувлари ўтказиш бўйича Регламенти, ишга қабул қилинаётган номзодларни текшириш Йўриқномалариб коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган Қўмита тизими ходимларини рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланган. Хавф-хатарларни баҳолаш услубиёти, контрагентларни ўрганишга оид йўриқнома, алоқа каналлари орқали коррупциявий хатти-ҳаракатлар ва манфаатлар тўқнашуви тўғрисида келиб тушган хабарларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш регламентлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 5-июндаги “Ўзбекистон Республикасининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонуни ижросини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-210-сонли қарори ижросини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлари режаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган.
Шунингдек, Рақобат қўмитаси тизимидаги ҳар бир ходим Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ва Қўмитанинг ички ҳужжатларида назарда тутилган коррупцияга қарши талабларга риоя этмаса, қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилиши тўғрисида огоҳлантирилган.
Коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш бўйича юқорида санаб ўтилган ишларнинг ўзи етарли бўлмайди. Авваламбор, коррупцияга қарши курашишни соҳанинг ҳар бир ходими ўзидан бошлаши керак. Ҳар биримиз ўз фаолиятимизга, ишимизга соф, ҳалол ва виждонан ёндашишимиз лозим. Коррупция бу энг кичик, кўзга илинмас элементдан бошланади. Ҳар бир нарсага алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Бунда, ходим ёки ҳар бир шахс коррупцияни бевосита ўзи амалга оширмаслиги мумкин, лекин у атрофидаги ҳамкасби ёки бирор бир таниши коррупция билан шуғулланаётганига гувоҳ бўлган бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларни кўриб, билиб туриб яшириш ҳам коррупцияга йўл очиб бериш билан тенг малакаланади.
Коррупцияга қарши курашиш барчамизнинг асосий вазифаларимиздан бирига айланиши керак. Зеро ҳурматли президентимиз Ш.Мирзиёев айтганларидек, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши шарт. Бу иллатга қарши курашишга барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилиши зарур.
Коррупцияга қарши курашиш ва уни батамом йўқотишда барчамиз бир тану-бир жон бўлиб, биргаликда самарали ҳаракат қилиб, жамиятимиз ва давлатимизнинг ривожига ўзимизнинг салмоқли ҳиссамизни қўшайлик. Жамиятдаги салбий иллатларга лоқайд муносабатда бўлмасак, биргаликда курашсак, албатта, енгишимизга ишонаман.
Шу билан бирга, ўз ўрнида халқимизга ҳам мурожаат қилмоқчи эдим.
Ҳурматли соҳа хизматлари фойдаланувчилари, қадрли истеъмолчилар !!!
Агарда, Сизларда Рақобат қўмитаси тизими ходимлари томонидан ўз лавозим мажбуриятларини бажаришда коррупцион ҳолатлар кузатилганда ёки шубҳа туғдирувчи ва ноқонуний ҳолатлар ҳақида ишончли ва асосли маълумотлар бўлса ёки бундай ҳолатларга гувоҳ бўлсангиз, Қўмита ҳамда тизимдаги бошқарма ва идораларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича ички тузилмаларига, шунингдек, Қўмитанинг қуйидаги алоқа каналлари орқали мурожаат йўллашингиз мумкинлигини маълум қиламиз:
Унутманг, мурожаатингиз махфийлиги кафолатланади!
Тизимда меҳнат қилаётганларни яна бир бор ҳалоллик, холисликни таъминлашга, адолат ва ҳақиқат йўлида қатъиятли бўлишга чақираман. Зеро ҳар қандай юксак аҳлоқ ва маънавият ҳукм сурган давлат янада обод ва фаровон бўлади. Шундай экан, гўзал ва бетакрор юртимизнинг бугунги ва эртанги куни, ёруғ келажаги учун авваламбор ўзимиз масъул эканлигимизни унутмайлик!