Йиғилишда Давлатимиз раҳбарлигида маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш, камбағал оилалар билан ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш, уларни тадбиркорликка жалб этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Жумладан, “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида жойларда аҳолини оилавий тадбиркорликка жалб қилиш, янги иш ўринларини яратиш ва бандликни таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада таъминотчилар, масъул давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан «SMART-MARKET.UZ» орқали оилавий тадбиркорлик учун маҳсулотлар етказиб берилиши йўлга қўйилган.
Аммо баъзи етказиб берувчилар томонидан ўзаро тил бириктирилган ҳолда маҳсулотларни айнан камбағалликдан чиқариш долзарб бўлган аҳоли учун юқори нархларда етказиб бериш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб таъминотчилар, масъул давлат органлари ва бошқа ташкилотлар қатъий огоҳлантирилади.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Рақобат қўмитаси томонидан кучайтирилган назорат ўрнатилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-149-сонли ва Вазирлар Маҳкамасининг 161-сонли қарорларига биноан қуйидаги йўналишлар доимий таҳлил қилиб борилади:
Кредитлар ҳисобига маҳсулот (хизмат)ларнинг етказиб берилишида шаффофликни таъминлаш мақсадида «маркетплейс» эркин савдо майдончасида рақобат муҳитини шакллантириш;
нархларнинг сунъий оширилишига йўл қўймаслик, таъминотчи корхоналар томонидан маҳсулот (хизмат)ларнинг ўз вақтида ва сифатли етказиб берилишини таъминлаш ҳолати.
Шунингдек,
«маркетплейс» тизими таъминотчилар таклиф этаётган маҳсулотлар (хизматлар) бўйича устун мавқеини суиистеъмол қилмаслик;
таъминотчиларнинг ўзаро келишиб қилинган ҳаракатлари ва тил бириктиришлари орқали нархлар асоссиз ўсишга олиб келмаслик;
етказиб берилаётган маҳсулотлар (кўрсатилаётган хизматлар) нархларининг ҳудуддаги ички бозор нархларига мутаносиб бўлишига амал қилишлари кабилар.
Қўмита томонидан олиб борилган ўрганишларда мувофиқлаштирилган ҳаракатлар яъни нархларни асоссиз равишда оширишлар аниқланган тақдирда уларга нисбатан белгиланган тартибда қатъий чоралар кўрилади.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимизки, давлатимиз олиб бораётган асосий шиорга ҳамоҳанг камбағалликни қисқартириш қонун доирасида, барчамизнинг биринчи навбатдаги умуммиллий ҳаракатимизга айланиши керак.