Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси 2024 йил 9 августда “Мах-Теа” МЧЖнинг мурожаати асосида фаолияти чой маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш билан шуғулланувчи “Мах-Теа” ва “And Zamin Tea” масъулияти чекланган жамиятлари ўртасидаги товар белгиси билан боғлиқ бўлган низони кўриб чиқди.
Хусусан, мазкур ишда чой ишлаб чиқарувчи “And Zamin Tea” МЧЖ ўзининг икки турдаги маҳсулотларини “BEKOY-TEA” товар белгиси остида фуқаролик муомаласига киритганлиги, бироқ, мазкур маҳсулотларнинг қадоқланиши айнан “Мах-Теа” МЧЖ томонидан аввал фуқаролик муомаласига киритилган “BEGOYIM” товар белгиси билан ўхшаш эканлиги аниқланди. Яъни, кўк ва қора чойларнинг қадоғидаги товар белгиларининг турлари ва шаклларининг уйғунлиги ҳамда уларнинг қадоқдаги жойлашган жойлари истеъмолчиларни адаштириш даражасида бир-бирини такрорлаган.
Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддаси билан хўжалик юритувчи субъектлар ёки уларнинг манфаатларини кўзлаб бошқа шахслар томонидан рақобатчиларга нисбатан инсофсиз рақобатни амалга ошириш тақиқланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 декабрдаги 694-сонли қарорининг 2-иловаси билан тасдиқланган “Инсофсиз рақобатни аниқлаш методикаси”нинг 6-бандидан аввал фуқаролик муомаласига киритилган товар, иш ва хизматларнинг ташқи безатилиши ва шакли, номи, тамғаланиши, этикеткаси, ўрови, ранглар уйғунлигини такрорлаш орқали рақобатчи хўжалик юритувчи субъект томонидан товарни фуқаролик муомаласига киритиш инсофсиз рақобат белгиларидан бири деб белгиланган.
Ишни кўриб чиқиш якунига кўра, Рақобат қўмитаси “And Zamin Tea” МЧЖни Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддасини бузган деб топиб, унга нисбатан молиявий жарима қўлланилди. Шунингдек, қонунбузилиши ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди.
Каналга уланиш https://t.me/RaqobatGovUz