Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонунига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 2 мартдаги 114-сон қарорига асосан фаолиятнинг рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини таъминлаш, уларнинг бузилиши хатарларини аниқлаш ва мазкур хатарларнинг олдини олиш мақсадида республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, товар ёки молия бозорида устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда устав фондининг 50 фоизи ва ундан ортиғи давлатга тегишли бўлган юридик шахслар фаолиятида монополияга қарши комплаенс тизими жорий этилмоқда.
Бугунги кунга қадар жами 245 та шундан, 69 та табиий монополия субъектларида, 74 та товар ёки молия бозорида устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектларда, 35 та маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида, 31 та республика ижро этувчи ҳокимият органларида ҳамда 36 та давлат иштирокидаги корхоналарда монополияга қарши комплаенс тизими тўлиқ жорий этилди ва мазкур тизим фаолияти учун масъул ходимлар тайинланди.
Жорий йил бошидан ҳозирги кунгача монополияга қарши комплаенс тизими жорий этилган ташкилотларнинг ходимларига рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари мазмун-моҳиятини тушунтириш ва уларнинг соҳага оид билимларини оширишга бағишлаб 6 маротаба ўқув-амалий семинарлар ташкил этилди. Ўтказилган семинарларда корхоналарнинг 500 нафардан зиёд ходимлари иштирок этишди.
Бугунги кунда корхоналарда монополияга қарши комплаенс тизими ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Мисол учун, масъул ходимлар томонидан:
– Танлов (тендер) савдоларида рақобат муҳити таъминланганлиги ўрганилганда 49 та ҳолатда иштирокчилар ўртасида ўзаро аффилланганлик ва келишиб олинган ҳаракатлар мавжудлиги аниқланган.
Мазкур савдоларни бекор қилиш ҳамда қайта ташкил этиш бўйича тегишли таклифлар берилиши натижасида қонун бузилиши ҳолатлари олди олинган.
– 2 та ҳолатда юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни белгиланган график асосида биржа савдоларига қўйилишида камчиликларга йўл қўйган ходимларга нисбатан тасирчан чоралар кўрилган.
– 3 та корхонада давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этишга оид ҳаракатлар амалга оширилиши жараёнида масъул ходим томонидан ушбу ҳаракатларни рақобат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ дастлаб монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги олингандан сўнг амалга ошириш зарурлиги тўғрисида тушунтириш берилиши натижасида мазкур ҳаракатлар учун белгиланган тартибда монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги олиниши таъминланган.
– Рақобат қонунчилиги талаблари бузилишлари ҳақида мурожаатларни тезкор қабул қилиш мақсадида 20 дан ортиқ корхоналарнинг расмий веб-сайтларида “рақобат чекланиши ва картел келишувлари ҳақида хабар бер” саҳифалари яратилган.