Рақобат қўмитаси Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан ҳамкорликда назорат харидларини амалга оширмоқда.
Жумладан,
АНДИЖОН ВИЛОЯТИ мисолида
Қандолат ширинлик маҳсулотларининг меъёрий ҳужжат талабларига мослигини аниқлаш мақсадида Андижон тумани “КУЙГАН ЁР” масъулияти чекланган жамиятининг озиқ-овқат бозорида назорат хариди “SHARQ UNIVERSAL” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган “OLTIN YONG‘OQ” (кекс) ва “O.K.HONEY BREAD” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган “ZARBOD” (пахлава) қандолат маҳсулотлари намуналари сотиб олинди ҳамда “UzTest” ДМ қошидаги синов лабораториясига юборилди.
Мазкур маҳсулотлар ёрлиқланишида ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан UzTR.490-022:2017 умумий техник регламент талабларига риоя қилинмагани аниқланди.
САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ мисолида
“GULOBOD YOG‘OCH BOZORI” МЧЖ ҳудудида “MADINABONU INTER METAL” МЧЖ томонидан сотилаётган “BAO XIN METALL” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган А-400 маркали арматура маҳсулотларидан намуналар харид қилинди.
Норматив ҳужжат талаблари бўйича танлаб олинган намуналар сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларини аниқлаш мақсадида лабораторияга топширилди.
ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ мисолида
Қувасой шаҳрида “PAKANA METAN SERVIS” МЧЖга қарашли савдо объектида “Сиқилган газ” (метан) маҳсулотининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича назорат хариди ўтказилди ва танлаб олинган наъмуналар “UzTest” ДМ Фарғона филиалига юборилди.
Ушбу назорат харидлари давомида камчиликлар аниқланган тақдирда белгиланган тартибда чоралар кўрилиши таъминланади.
Рақобат қўмитаси томонидан аҳолининг асосий турдаги истеъмол товарларини сифати ва хавфсизлигини таъминлаш юзасидан ўтказилаётган назорат хариди тадбирлари республика бўйлаб давом эттирилмоқда.