Рақобат қўмитаси Жиззах вилояти ҳудудий бошқармасига “Jizzax sement plant” МЧЖнинг ўзига нисбатан газ таъминот корхонаси томонидан табиий газ етказиб беришда тарифларнинг нотўғри қўлланилгани юзасидан мурожаати келиб тушган.
Ўрганишлар давомида мазкур мурожаатда келтирилган ҳолатда амалдаги қонунчилик талабига зид равишда чекланган тарифлар нотўғри қўлланилгани оқибатида МЧЖга 853 млн 200 минг 600 сўм қарздорлик ҳисоблангани аниқланди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 ноябрдаги ПҚ-3379-сон қарори билан тасдиқланган рўйхат бўйича маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ва айрим хизматлар кўрсатувчи истеъмолчиларга Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлдаги 633-сон қарорига асосан 1 куб/м газ нархи 1000 (бир минг) сўм қилиб белгиланган.
Ушбу нарх чекловига риоя қилинмаслиги натижасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 239-сонли қарори билан “Товарлар (ишлар, хизматлар)га тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни шакллантириш, деклорация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш ҳамда уларнинг қўлланилишини давлат томонидан назорат қилиш тартиби тўғрисидаги Низом” талабларини бузиш оқибатида табиий газ истеъмолчиси бўлган “Jizzax sement plant” МЧЖга «Ҳудудгаз Жиззах» газ таъминоти филиали томонидан 2022 йил 12 август кунидан 31 август кунигача 284 4002 куб/м истеъмол қилинган табиий газга (1300 сўмдан) 3 697 202 600 (уч миллиард олти юз тўқсон етти миллион икки юз икки минг олти юз) сўм ҳисобланган. Бунинг натижасида саккиз юз эллик уч миллион икки юз минг олти юз сўм ортиқча қарздорлик келиб чиққан.
Юқоридаги ҳолат бўйича ҳудудий бошқарма томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 225-сонли қарори талабларида иш қўзғатилиб, ортиқча олинган маблағларни “Jizzax sement plant” МЧЖ фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиш бўйича маxсус комиссиянинг қарори қабул қилиниб, бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатма берилди.
Мазкур кўрсатма белгиланган муддатда бажарилмаганлиги сабабли ҳудудий бошқарма томонидан Жиззах туманлараро Иқтисодий судига “Jizzax sement plant” МЧЖ манфаатида “Ҳудудгазтаъминоти” АЖ – “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиалига 853 200 600 сўм маблағни қайта ҳисоб-китоб қилиш мажбуриятини юклаш ва жарима ундириш бўйича мурожаат қилинди.
Суд ишни кўриб чиқиб, Қўмитанинг кўрсатмасини қонуний деб топди: ушбу амалга оширилган ишлар натижасида “Ҳудудгазтаъминоти” АЖ томонидан “Jizzax sement plant” МЧЖ фойдасига 900 млн сўмга яқин маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.