Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Аброр Зоҳидовнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида 2024 йил 25 июнь куни телеканалларда жойлаштирилган “Ўўўўв биродарлар, айтинг! «Эркакдек хушбўйланиш» нима дегани?” мавзуида эркаклар учун спрей (дезодорант) реклама мазмунига оид эътирози юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 16-моддасига мувофиқ, рекламада – жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқейига қараб, бошқа ҳолатларга кўра камситиш ёки ўзга шахсларнинг товарларини бадном қилиш;
миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланиш тақиқланади.
Ҳозирда, телеканаллар орқали ушбу эркаклар учун спрей (дезодорант) реклама намойиши тўхтатилди. Шунингдек, масъул ходимлар ўртасида қонунчилик талабларига риоя этиш юзасидан қўшимча тушунтириш ишлари олиб борилган.
Бундан ташқари, телеканаллар ҳузурида Бадиий кенгашлар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ушбу Бадиий кенгашларнинг асосий вазифаларидан бири, эфир учун тайёрланган медиа (реклама) маҳсулотларининг реклама ва бошқа қонунчилик талабларига мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказиш ҳамда ушбу роликларни эфирга жойлаштириш учун тавсиялар бериш ҳисобланади.