Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 18 январь куни 2024 йилда инвестиция, экспорт ва саноат соҳаларидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажмини 160 миллиард долларга ва аҳоли жон бошига даромадларни 4 минг долларга етказиш мақсади белгиланган. Бунга фақат ички бозор билан эришиб бўлмайди, асосийси – хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш ва экспортни кўпайтириш зарур.
Танқидий руҳда ўтган йиғилиш аввалида ушбу соҳалардаги ишлар ҳолати, мутасаддиларнинг фаолияти кўриб чиқилди.
Сўнгги олти йилда юртимизга хориждан қарийб 50 миллиард доллар инвестиция кирган. Ўтган йили ялпи ички маҳсулот ҳам, саноат ҳам 6 фоизга ўсган.
Бироқ товарлар экспортида ўсиш бўлмаган. Мамлакатимиз сертификатларини тан олиш бўйича хорижий шериклар билан ишлар лозим даражада ташкил этилмаган. Халқаро молия ташкилотлари иштирокидаги 480 миллион долларлик 5 та лойиҳа бўйича ўзлаштириш бошланмаган. Ҳудудларда молиялаштирилиши тўлиқ якунланган 8 триллион сўмлик қарийб мингта лойиҳа ҳалигача ишга тушмаган.
Фаолиятида сусткашликка йўл қўйгани учун Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Б.Абидов, Техник тартибга солиш агентлиги директори Д.Саттаров, Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги директори М.Мирзаев лавозимидан озод қилинди. Яна бир қатор раҳбарларга интизомий чоралар кўрилиши айтилди.
Умуман, инвестиция комплексига кирувчи барча вазир ва ҳоким ўринбосарлари фаолиятига самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) жорий этилиши белгиланди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари соҳадаги камчиликларни аниқ таҳлиллар асосида кўрсатиб ўтди.
Масалан, ўтган йили 2 та драйвер тармоқ ва 4 та ҳудудда 2022 йилга нисбатан экспорт ҳажмлари камайган. Экспортнинг 50 фоизи ҳанузгача 4 та бозорга тўғри келмоқда. Ёки хорижга товарларнинг учдан бир қисми хомашё сифатида сотилмоқда.
Ўзбекистон “GSP+” тизимига қўшилиб, Европага 6 минг 200 турдаги товарларни божсиз олиб кириш имкониятига эга бўлса-да, ўтган йили бу тизим доирасида бор-йўғи 384 турдаги товарлар экспорт қилинган. Мева-сабзавот экспорти учун хорижий давлатларнинг фитосанитар рухсатлари олинганига қарамасдан, бундан тўлиқ фойдаланилмаган.
Аслида, мамлакатимиз иқтисодиётини янги босқичга олиб чиқиш учун экспортни йилига камида 30 фоизга ошириб бориш зарур.
Президентимиз бу борадаги муҳим вазифаларга тўхталиб, тузилмавий ислоҳотларни маълум қилди.
Хусусан, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг тизими, иш услуби ва ёндашувлари тўлиқ ўзгаради. У янги салоҳиятли бозорлар топиш, экспортбоп маҳсулотлар экилишини ташкиллаштиришга ҳам масъул бўлади.
Сўнгги йилларда мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспортида талаб этиладиган барча сертификат ва рухсатномалар тўлиқ рақамлаштирилди. Лекин ҳалигача чегарада бу жараён 4 та идора томонидан назорат қилинаяпти. Шу боис, чегарадаги барча назорат функциялари Божхона қўмитасига ўтказилиши белгиланди.
Кўплаб корхоналаримизда халқаро сертификат йўқлиги учун глобал логистика занжирларига қўшила олмаяпти. Иқтисодиётнинг драйвер соҳаларида халқаро стандартларни жорий қилиш даражаси 35 фоизга ҳам етмайди.
Шунинг учун Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги фаолияти тўлиқ ислоҳ қилиниб, Ҳукумат таркибига ўтказилади. Мутасаддиларга корхоналарда халқаро сифат тизимларини жорий этиш, сифати кафолатланган маҳсулотлар турини кўпайтириш, салоҳиятли давлатлар билан миллий сертификатни икки томонлама тан олиш бўйича келишувларга эришиш вазифаси қўйилди.
Экспортни кредитлашга 200 миллион доллар ресурс берилган. Бундан ташқари, бу йил экспортёрларни қўллаб-қувватлашга 800 миллиард сўм йўналтирилмоқда. Лекин берилган маблағлар, ҳар доим ҳам, қўшилган қийматли маҳсулот ва экспорт манбаига айланмаяпти.
Шу боис энди экспортни қўллаб-қувватлаш тизими ҳам ўзгаради. Экспортни рағбатлантириш агентлиги, Жаҳон савдо ташкилоти талаблари асосида, Савдони ривожлантириш компанияси сифатида қайта ташкил этилади. Бу компания берадиган субсидия, кредит ва ёрдамлар янги рейтинг асосида, энг аввало, юқори қўшилган қийматли маҳсулот билан янги бозорларга чиқаётган экспортчиларга ажратилади.
Маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга етказишда ишончли логистика занжирларини ташкил қилиш, минтақавий ва йирик халқаро лойиҳаларни жадаллаштириш, товарларни божхона режимида қайта ишлашни кенгайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилишда инвестициялар самарадорлиги ва галдаги режалар ҳам муҳокама қилинди.
Сўнгги олти йилда мамлакатимиз саноатига жалб қилинган инвестициялар ҳажми 7 баробар ошган. Ёки сўнгги уч йилда хориждан 14 миллиард долларлик асбоб-ускуналар олиб келинган.
Лекин саноат кўрсаткичлари, яратилган иш ўрни ва қўшилган қиймат шунга яраша ошмаган. Қатор ҳудуд ва тармоқларда ишга туширилган корхона ва ускуналар экспорт натижасига таъсир кўрсатмаган. Лойиҳалар самарадорлиги устидан етарли назорат олиб борилмаётгани танқид қилинди ва мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Ўтган йили балиқчилик, паррандачилик, заргарлик, асаларичилик ва ипакчилик тармоқларида, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида, шунингдек, 12 та туман ва шаҳарда инвестициялар ҳажми нисбатан камайган. Айрим вилоятларда хорижий ташрифлар ва халқаро кўргазмалар чоғида келишилган инвестиция лойиҳаларининг ижроси суст.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига бу лойиҳаларни алоҳида назоратга олиб, жадаллаштириш бўйича кўрсатма берилди.
Йиғилишдаги яна бир мавзу саноат ишлаб чиқаришини кўпайтириш ҳақида бўлди.
Бунинг учун юртимизда 24 та махсус иқтисодий зона ташкил қилинган. Уларга соддалашган тартибда ер ажратилиши, солиқдан имтиёзлар белгиланган. Лекин бу имкониятдан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Масалан, республика бўйича бундай ҳудудларнинг инфратузилмаси бор 800 гектар майдони бўш турибди.
Шу боис иқтисодий зоналарни ривожлантириш бўйича янги тажриба амалга оширилиши белгиланди. Хусусан, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятидаги махсус саноат зоналарининг 240 гектар майдони хорижий компанияларга аутсорсинг асосида бошқарувга берилади.
Жорий йилда махсус иқтисодий ҳудудларда 309 та йирик лойиҳани амалга ошириб, 40 мингта иш жойи яратиш мумкинлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари маҳаллийлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
Вазирлар Маҳкамасига ҳудудларда озиқ-овқат саноатини ривожлантириш дастурини қабул қилиш вазифаси қўйилди. Жумладан, талаб юқори бўлган 25 турдаги озиқ-овқат маҳсулотини юртимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, озиқ-овқат корхоналарида халқаро стандартларни жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.
Бундай имкониятлар чарм саноатида ҳам бор. Масалан, аҳолимизда автомобил ўриндиғи жилдлари, спорт буюмлари, пойабзал ва аёллар сумкасига талаб кўп. Шундан келиб чиқиб, тармоқ раҳбарларига ҳудудларда лойиҳаларни шакллантириш топширилди.
Маҳаллийлаштириш фақат товарлар эмас, хизматларда ҳам бўлиши керак. Хусусан, охирги беш йилда энергетика, нефт-газ ва металлургия соҳаларида катта заводлар ишга тушди. Бундай мажмуалардаги юқори технологик ускуналарни эксплуатация қилиш ва таъмирлаш бўйича малакали хизматларга талаб йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Шуни инобатга олиб, Вазирлар Маҳкамасига йирик корхоналарга сервис кўрсатишда маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш бўйича вазифа қўйилди.
– Ҳар бир раҳбар фидойи бўлиб, ватани ва халқини севиб, тизими билан бирга ўз вазифаларини виждонан бажарса, биз қўяётган марраларга албатта эришса бўлади, – деди Президент.
Йиғилиш якунида инвестиция комплекси раҳбарлари, вазирлар ва ҳокимлар жорий йилдаги режалари бўйича ахборот берди.