Жорий йилнинг 28-29 сентябрь кунлари Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва Евроосиё иқтисодий комиссиясининг монополияга қарши тартибга солиш блоки вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси ва Евроосиё иқтисодий комиссияси ўтказаётган тадқиқотлар, жумладан, рақамли бозорлар бўйича тажриба алмашишдан иборат эди.
Йиғилишда қўмита раиси ўринбосари Фаррух Карабаев Ўзбекистон Республикасининг рақобат тўғрисидаги қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар, Ўзбекистон Республикасида Рақамли трансформация ва аутсорсинг маркази (“ФАИР TECH” ахборот тизими) ташкил этиш тўғрисида маълумот бериб, тақдимот қилди.
Шунингдек, томонлар Ўзбекистон Республикасида дори воситаларининг референт нархлари устидан назоратни таъминлаш ва Евроосиё иқтисодий иттифоқида нархларни тартибга солиш бўйича тажриба алмашдилар.
Учрашув якунида томонлар Меморандум доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.