Хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш шунингдек хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олишга доир битимларни кўриб чиқиш ҳамда бундай битимларни тузиш учун монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш

ТАРТИБИ

Ушбу соҳадаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар:

  1. Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни (26-26моддалар);
  2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22.02.2022 йилдаги “Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги 86-сон қарори (билан тасдиқланган Низомга 12 ва 13-иловалар).

Мурожаат қилиш тартиби:

Олдиндан розилик олиш талаб этиладиган иқтисодий консентрацияни амалга ошириш чоғида шахслар ёки шахслар гуруҳи бу ҳаракатлар бажарилгунига (битимлар тузилгунига) қадар  Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ёхуд Давлат хизматлари маркази орқали онлайн тартибида мурожаат қилади.

Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар:

  1. Ариза. Аризада қуйидагилар кўрсатилади:

– талабгор — акцияни (улушни) олувчи жисмоний шахс учун — Ф.И.О., ЖШШИР, телефон рақами, электрон почта манзили ва ўзининг бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондида (устав капиталида) қатнашиши тўғрисида маълумот.

– талабгор — акцияни (улушни) олувчи, қўшиб олиш битимида иштирок этувчи юридик шахслар учун — номи, СТИР, юридик манзили, давлат рўйхатидан ўтказилган санаси ва жойи, хизмат кўрсатувчи банкнинг номи ва ҳисобварағи, телефон рақами, электрон почта манзили, муассислари (катнашчилари) таркиби ва уларнинг жамият устав фондидаги улушлари миқдори ҳақидаги қуйидаги маълумот.

  1. Битим тарафларининг ариза берилган кундан аввалги икки йил давомидаги ёхуд агар фаолият икки йилдан кам муддатни ташкил эца, фаолият амалга оширилган муддат давомидаги фаолияти турлари, ишлаб чиқарилган ва реализация қилинган товар турларининг номлари ҳамда уларнинг ҳажмлари тўғрисидаги маълумотлар.
  2. Норезидент бўлган жисмоний шахс учун — паспортнинг кўчирма нусхаси.
  3. Норезидент бўлган юридик шахс учун — давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг кўчирма нусхасини ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат.
  4. Ўтган икки календарь йилга доир молиявий (1 ва 2-шакл) ва статистика ҳисоботи;
  5. Шахслар гуруҳининг таркиби тўғрисида, бу шахсларнинг гуруҳга кириш асослари кўрсатилган маълумотлар.
  6. Сҳахслар ёки бир гуруҳ шахсларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) аксияларининг (улушларининг) 25 фоиздан кўпроғига бевосита ёки билвосита эгалик қилиш орқали ҳақиқатда назорат қиладиган жисмоний шахслар — асосий бенефициар мулкдорлар тўғрисидаги маълумотлар.

 

Аризани кўриб чиқиш муддати:

Агар ҳаракат (битим) рақобатга таъсир қилмаса, ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар рўйхатга олинган пайтдан эътиборан ўттиз календарь кундан кечиктирмай.

Агар ҳаракат (битим) рақобатнинг чекланишига олиб келиши мумкин бўлса, қўшимча ўрганиш ўтказиш учун аризани кўриб чиқиш муддати икки ойдан кўп бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

Мурожаатни кўриб чиқиб, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат берилганлиги учун ундириладиган йиғим:

  1. Аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим миқдори- базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 1 баравари;
  2. Розилик берилганлиги учун ундириладиган йиғим миқдори: битим тарафларининг охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушумининг (тушум мавжуд бўлмаган тақдирда — активлар баланс қийматининг) 0,05 фоизи, лекин БҲМнинг етти бараваридан кам бўлмаган ва минг бараваридан кўп бўлмаган миқдорда.

Қайси ҳолатларда монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги талаб этилади?

Шахс ва шахслар гуруҳи томонидан хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш бўйича битимлар:

Қуйидаги ҳолларда монополияга қарши органнинг шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан хўжалик юритувчи субъект устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш бўйича битимларга олдиндан розилигини олиш зарур бўлади, агар:

  • шахс ёки шахслар гуруҳи Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган аксиядорлик жамияти овоз берувчи аксияларининг 25 фоизидан ортиғини тасарруф этиш ёхуд масъулияти чекланган жамиятнинг ёки қўшимча масъулиятли жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларнинг учдан бир қисмидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олганда битимларда иштирок этаётган хўжалик юритувчи субектлардан бири активларининг баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик минг баравари миқдоридан ортиқ ёхуд уларнинг активларининг жами баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган жами тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг беш юз минг баравари миқдоридан ортиқ бўлса. (“Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 26-моддаси).

Хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олиш бўйича битим:

Агар тегишли битимда иштирок этаётган шахслар активларининг жами баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган жами тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг юз минг баравари миқдоридан ортиқ бўлса ёхуд улардан бири товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект бўлса, хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олиш бўйича битимлар учун монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш зарур. (“Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 26-моддаси).

Агар сизда монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш тартиби юзасидан саволларинигиз бўлса, унда тегишли тушунтириш олиш учун Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Монополияларни тартибга солиш ва бозор концентрацияси устидан назорат қилиш бошқармасига мурожаат қилишингиз мумкин.

Мурожаат учун телефон: 71-207-47-00 (ички рақами: 260, 273,  305)