Тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини ҳимоя қилишда, Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан тизимли ва самарали ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йил давомида икки тадбиркорлик субъектининг жами 15,0 млрд сўмлик манфаатларини ҳимоя қилиниши таъминланди.
Маълумот учун:
Тошкент вилоятидаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шоҳобчаси фаолиятини кўрсатувчи МЧЖ Қўмитага 2024 йил апрель ойида мурожаат қилиб, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ Тошкент вилояти филиали томонидан асоссиз қарздорлик ҳисобланганлигидан норозилигини билдириб, мазкур масалани белгиланган тартибда ҳал этилишида амалий ёрдам кўрсатишни сўраган.
Мазкур мурожаат юзасидан Қўмитанинг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида мазкур тадбиркорлик субъектига нисбатан асоссиз ҳисобланган 9,6 млрд сўмлик қарздорлик “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан “Ҳудудгазтаъминот корпоратив тизими” электрон дастурида таҳрирлаш йўли орқали чиқарилиши таъминланиб, тадбиркорнинг манфаатлари муваффақиятли ҳимоя қилинди.
Шунингдек, Сирдарё вилоятидаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шоҳобчаси фаолиятини кўрсатувчи МЧЖ Қўмитага жорий йилнинг март ойида мурожаат қилиб, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ Тошкент вилояти филиали томонидан асоссиз пеня ҳисобланганлигида норозилигини билдириб, мазкур масалани белгиланган тартибда ҳал этилишида амалий ёрдам кўрсатишни сўраган.
Мурожаат ва унга илова қилинган ҳужжатлар бўйича Қўмита томонидан олиб борилган ишлар натижасида тадбиркорлик субъектига асоссиз ҳисобланган 5,3 млрд сўмлик пеня “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан “Ҳудудгазтаъминот корпоратив тизими” электрон дастурида таҳрирлаш йўли орқали чиқарилиши таъминланиб, тадбиркорнинг масаласи ижобий ҳал этилишига эришилди.
Юқоридагиларга асосан, Қўмита тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ваколат доирасида амалий ёрдам кўрсатишга доимо тайёр эканлиги билдирилади.