Расмий муносабат
Фейсбук ижтимоий тармоғидаги “Халқ назорати” гуруҳи орқали Туямуюн гидроузелидан фойдаланиш бошқармаси томонидан 2021 йил давомида 15 та танлов савдолари ўтказилганлиги, танлов савдолари натижалари бўйича 11 та лотда “DRUJBA IRMONTAJ” MChJ ҳамда 4 та лотда “TUYAMUYUN MAXSUS QURILISH” MChJ ғолиб деб топилганлиги, шунингдек, иккита ташкилот билан жами 1 677 955 000 сўмлик шартномалар имзоланган бўлсада, ушбу шартномаларга асосан бажарилиши керак бўлган ишлар бажарилган бўлиб, айрим сабабларга кўра шубҳа остида эканлиги ва маблағлар талон-тарож қилинган бўлиши мумкинлиги юзасидан мақола эълон қилиниб, айрим ҳолатлар очиқланган.
Аввало шуни маълум қиламизки, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари томонидан давлат харидларини амалга оширилиши жараёнида давлат харидлари иштирокчилари томонидан рақобатга зид қонун бузилишлари билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан мунтазам равишда мониторинг ва ўрганиш ишлари ўтказилмоқда.
Шу билан бирга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жалб қилинган ўрганишлар ва назорат тадбирларида бўлим ходимлари томонидан ўтказилган танлов (тендер) савдоларида «Рақобат тўғрисида»ги Қонун талабларига риоя қилинганлиги ўрганилиб, аниқланган ҳолатлар бўйича маълумотлар тегишли органларга тақдим қилиб келинмоқда.
Мақолада кўрсатилган ҳолат юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан ваколат доирасида вилоят Прокуратураси билан биргаликда ўрганиш ишларини амалга оширди.
Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўрганишлар натижасида, 2021 йил давомида Туямуюн гидроузелидан фойдаланиш бошқармаси томонидан умумий бошланғич нархи 1 727 760 510 сўм бўлган жами 15 та танлов савдолари ўтказилганлиги ва танлов натижаларида қиймати 1 693 876 939 сўмлик шартномалар имзоланганлиги, шунингдек, Туямуюн гидроузелидан фойдаланиш бошқармаси томонидан ўтказилган танлов савдоларида иштирок этиш учун таклиф ҳужжатларини тақдим қилган талабгорлар техник қисм бўйича умуман баҳоланмаганлиги, улар томонидан тегишли ҳужжатлар тақдим қилинмаганлиги ҳамда танлов комиссияси аъзолари томонидан иштирокчилар Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунининг 36-моддасида (эски таҳрирдаги Қонуннинг 24-моддаси) қайд қилинган мезонларга мувофиқлиги ўрганилмаганлиги аниқланган.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунининг 36-моддасида (эски таҳрирининг 24-моддасида) иштирокчилар шартномани бажариш учун зарур техник, молиявий, моддий, кадрлар ресурсларининг ҳамда бошқа ресурсларнинг мавжудлиги, шартнома тузиш учун қонуний ҳуқуққа эгалик, солиқлар ва йиғимларни тўлаш бўйича муддати ўтган қарздорликнинг мавжуд эмаслиги, ўзига нисбатан жорий этилган банкротлик тартиб-таомилларининг мавжуд эмаслиги ҳамда Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрида қайд этилмаганлиги каби мезонларга мувофиқ бўлиши кераклиги белгиланган.
Юқоридагиларга асосан, Туямуюн гидроузелидан фойдаланиш бошқармаси томонидан ўтказилган танлов савдоларида савдолар ўтказишнинг қонунчиликда белгиланган тартибни бузиш ва савдоларнинг битта ёки бир нечта иштирокчисига савдоларда қатнашиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиб бериш орқали Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 14-моддаси талаблари бузилганлиги қайд этилди. Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича тегишли масъулларга чора кўриш, ҳуқуқий баҳо бериш учун Хоразм вилоят прокуратурасига тақдим қилинган.
Вилоят прокуратураси томонидан Туямўйин гидроузелидан фойдаланиш бошқармасининг 4 (тўрт) нафар мансабдор ва моддий жавобгар ходимлари корхона маблағларини талон-торож қилганликлари учун уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 61-моддаси ва 1758-моддаси билан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилди ва ЖИБ Тупроқалъа туман суди томонидан тегишли жазолар қўлланилди.
Шунингдек, вилоят Прокуратураси ўз телеграм каналида эълон қилган расмий муносабатида ўрганиш давомида Туркманистон Республикаси ҳудудига кириш бўйича чекловлар қўйилганлиги сабабли ушбу ҳудудда жойлашган объектларни назорат ўлчовидан ўтказишнинг имкони бўлмаганлиги, вилоят Прокуратураси томонидан чекловлар бекор қилингандан сўнг юқоридаги объектларда бажарилган ишлар тегишли тартибда ўрганилиши назоратга олинишини маълум қилган.