Айтиш керакки, бу борадаги ҳуқуқий муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2018 йил 4 май куни 3005-сон билан рўйхатга олинган “Энергия ресурсларини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш доирасида электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олишнинг замонавий асбобларини ўрнатиш тартиби тўғрисидаги Низом”да мустаҳкамлаб қўйилган. Хусусан, унинг:
13-бандида истеъмолчилардаги мавжуд ҳисобга олиш приборларини, шу жумладан, индукцион, газ температураси ва босими бўйича коррекциясиз ишлайдиган ҳисобга олиш приборларини ечиб олиш (демонтаж қилиш) ҳамда энергия ресурсларини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими (ЭНҲАТ) жорий этиш доирасида ўрнатилаётган энергия ресурсларини ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш таъминотчининг ваколатли ходими томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вакили ва истеъмолчи иштирокида амалга оширилиши;
15-бандида таъминотчининг ваколатли ходими истеъмолчидаги энергия ресурсларини ҳисобга олувчи мавжуд ҳисобга олиш приборлари ечиб олишда Бюро вакили ва истеъмолчи иштирокида ҳисобга олиш приборини ва ундаги пломбаларнинг бутунлигини текшириши ҳамда бу ҳақда уч нусхада далолатнома тузилиши ва далолатноманинг барча нусхаси таъминотчининг ваколатли ходими, Бюро вакили ҳамда истеъмолчи томонидан имзоланиши;
16-бандида далолатномада ҳисобга олиш приборининг тури, унинг завод рақами, ишлаб чиқарувчининг товар белгиси, ечиш пайтидаги кўрсаткичи ва бошқа зарур маълумотлар кўрсатилиши, далолатноманинг бир нусхаси истеъмолчига тақдим этилиши, қолган нусхалари таъминотчи ҳамда Бюрода қолиши;
18-бандида таъминотчининг ваколатли ходими томонидан маиший истеъмолчиларга энергия ресурсларини ҳисобга олиш приборининг давлат қиёсловидан ўтказилганлиги тўғрисидаги сертификат тақдим этилиши;
19-бандида энергия ресурсларини ҳисобга олиш приборлари ўрнатилган ва улангандан сўнг таъминотчининг ваколатли ходими, Бюро вакили ҳамда истеъмолчи иштирокида энергия ресурсларини ҳисобга олиш прибори ўрнатилганлиги тўғрисида уч нусхада далолатнома тузилиши, далолатномада ҳисобга олиш приборининг тури, завод рақами, ишлаб чиқарувчининг товар белгиси, ўрнатилган пайтдаги кўрсаткичлари, давлат қиёсловидан ўтказилганлиги тўғрисидаги сертификат ва пломбалар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши ҳамда далолатнома таъминотчининг ваколатли ходими, Бюро вакили ва истеъмолчи томонидан имзоланиши, бир нусхаси истеъмолчига тақдим этилиши, қолган нусхалари таъминотчи ҳамда Бюрода қолиши ва бошқалар талаблар белгиланган.
Сиз шуларга риоя этиш ёки таъминотчининг ваколатли ходимидан юқорида кўрсатилган тартибда ишлашни талаб қилиш орқали ҳам ўз ҳуқуқингизни бузишларига йўл қўймаган, ҳам қонуний мажбуриятларингизни бажарган бўласиз.