Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси йирик савдо тармоқларида озиқ–овқат маҳсулотлари (ун, ёғ, гўшт, сут, шакар ва б.қ.) маҳаллий ишлаб чиқарувчиларига тенг рақобат шароитини яратиш ва улар ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида ўрганиш ўтказаётганлигини маълум қилади.
Шу муносабат билан, йирик савдо тармоқларида маҳсулотни етказиб берувчи ёки етказиб бериш таклифи рад этилган, жумладан қуйидаги ҳолатларга дуч келган тадбиркорлик субъектлари (маҳаллий ишлаб чиқарувчилар)ни ушбу ўрганишларда фаол иштирок этишларини сўраймиз.
Хусусан, йирик савдо тармоқлари томонидан:
– хизмат кўрсатиш имконияти бўла туриб асоссиз равишда шартнома тузишни рад этиш;
– йирик савдо тармоқлари томонидан етказиб берувчиларнинг товарларига нархни белгилашга бир томонлама таъсир кўрсатиш;
– бошқа йирик савдо тармоқлари билан шартнома тузмаслик шартини белгилаш ёки ушбу шарт билан шартнома тузишга розилик бериш;
– етказиб берувчиларга шартнома тузишда асоссиз талаблар белгилаш, шу жумладан товарни сотиб берганлик учун мукофот пули (ретро бонус) ва/ёки уни савдо растасининг истеъмолчиларга яққол кўринадиган жойларда жойлаштириш учун қўшимча тўлов тўлаш шартини мажбуран қабул қилдириш;
– товарни реализация қилишда ёки олишда камситувчи шарт-шароитларни белгилаш, шу жумладан бир хил товар учун тўлов муддатларини хар хил белгилаш;
– маҳсулотлар учун тўловни амалга ошириш муддатларига риоя этмаслик;
– маҳаллий ва импорт товарларга нисбатан тенг бўлмаган шароитлар яратилганлиги ва шу каби бошқа ҳолатлар.
Агар сизда юқоридаги каби ҳолатлар ва бозорда тенг рақобат таъминланиши билан боғлиқ муаммолар мавжуд бўлса, Рақобат қўмитасининг соровномаларида ўз таклиф ва мурожаатларингиз билан қатнашиб боришингиз мумкинлигини маълум қиламиз. Қўмита томонидан тузилган ишчи гуруҳ бу борада комплекс ўрганишлар олиб бориб тадбиркор (маҳаллий ишлаб чиқарувчилар)лардан таклиф ва шикоятлар қабул қилиш тизими фаолият олиб бораётганлигини маълум қиламиз.
СЎРОВНОМАДА ТАКЛИФ ВА МУРОЖААТЛАРНИ ҚОЛДИРИШ УСУЛЛАРИ:
Қўмита веб-сайти орқали (https://raqobat.gov.uz/ishchi-guruh/)
1159 Ягона ишонч рақами орқали