Президент Шавкат Мирзиёев 21 июль куни Тошкентнинг Сергели туманидаги “Alutex” корхонаси фаолияти билан танишди.
Мамлакатимизда муқобил энергетикани ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, қуёш панеллари ўрнатиш бўйича кенг кўламли ишлар бошланган. Бу алюмин профилларга талабни оширмоқда.
Жорий йил май ойида “Alutex” масъулияти чекланган жамияти томонидан ойна ва қуёш панеллари учун профиллар тайёрлаш лойиҳаси ишга туширилди. Бу корхона 350 дан ортиқ турдаги, йилига 30 минг тонна алюмин профил ишлаб чиқариш қувватига эга.
Давлатимиз раҳбари бу ердаги иш жараёни ва маҳсулотларни кўздан кечирди.
– Дунёдаги етакчи компаниялар билан биргаликда умумий қуввати 15 гигаваттдан ортиқ қуёш ва шамол станцияларини барпо этмоқчимиз. “Яшил” энергетика – маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз учун тайёр бозор, катта имконият. Фақат асосий талаб – сифат, – деди Президент.
Корхонага Италия, Жанубий Корея ва Туркиядан энг замонавий ускуна ва жиҳозлар келтириб ўрнатилган. Натижада 400 та янги иш ўрни яратилган. Сентябрь ойидан қўшимча янги 130 турдаги алюмин профиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Импорт ўрнини босишдан ташқари, маҳсулотларнинг бир қисмини экспортга йўналтириш режалаштирилган.