Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан телефон орқали мулоқоти давомида фаол ва тизимли сиёсий алоқаларни давом эттириш, саноат кооперацияси бўйича қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш, ишбилармонлик ва гуманитар ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда икки томонлама муносабатлар кун тартибидаги бошқа муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Венгрия Бош вазири мамлакатимиз етакчисини куни кеча бўлиб ўтган муддатидан илгари Президент сайловида қозонилган ишончли ғалаба билан самимий табриклаб, Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.
Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Мунтазам сиёсий маслаҳатлашувлар йўлга қўйилган. Жорий йилнинг март ойида Будапешт шаҳрида Ўзбекистон элчихонаси очилди.
Ўзаро савдо ҳажми ошиб бормоқда. Банк-молия бозорига Европанинг етакчи «OTP» банки кириб келди.
Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, фармацевтика ва бошқа устувор тармоқларда қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Инвестициялар портфели жами 1,5 миллиард долларни ташкил этмоқда.
Телефон мулоқоти чоғида Ҳукуматлараро комиссия фаолияти доирасида кооперация лойиҳаларини тезлаштириш, гуманитар ва таълим алмашинувларини кенгайтириш бўйича аниқ чора-тадбир ишлаб чиқиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.