Олий даражадаги музокаралардан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот бердилар.
Давлатимиз раҳбари ҳар доимгидек самимий меҳмондўстлик учун Озарбайжон етакчисига миннатдорлик билдирди.
– Сайловдан кейинги биринчи ташрифимни айнан Озарбайжонга амалга ошираётганим рамзий маънога эга. Бу икки томонлама ҳаморлигимиз энг юксак даражага чиққани, яқинлашишга ўзаро интилиш борлиги, шериклик учун кенг имкониятлар мавжудлигидан далолат беради, – деди Ўзбекистон Президенти.
Ўзбекистон Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини доим қўллаб-қувватлаб келгани ва бундан буён ҳам қўллаб-қувватлаши таъкидланди. Шу муносабат билан мамлакатимиз етакчиси Қорабоғда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши алоҳида аҳамиятга эга эканини қайд этиб, бу ерда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларининг кўлами и суръатини юқори баҳолади.
Бугун бўлиб ўтган музокаралар натижалари катта мамнуният билан қайд этилди. Уларда кўп қиррали ҳамкорликнинг барча масалалари муҳокама қилинди.
– Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасида ҳеч қандай муаммоли масалалар йўқлигини таъкидлаш жоиз. Биз қардош халқларимиз манфаатлари йўлида катта салоҳиятдан самарали фойдаланишнинг янги имкониятлари ва механизмларини излаш долзарб эканига урғу бердик, – деди давлатимиз раҳбари.
Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг Олий давлатлараро кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги шартноманинг имзолангани икки томонлама муносабатларда янги босқични бошлаб бериши таъкидланди.
Олий даражадаги учрашувлар чоғида кўп қиррали шерикликнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди.
Давлат раҳбарлари савдони кўпайтириш, саноат кооперацияси ва логистика инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор бердилар. Автомобилсозлик, металлургия, энергетика, қишлоқ хўжалиги, электротехника, тўқимачилик, туризм ва бошқа тармоқлардаги йирик лойиҳалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, янги логистика занжирларини ривожлантириш ва инфратузилмани барпо этиш, юк ташиш ҳажмини ошириш бўйича лойиҳаларни амадга оширишга келишиб олинди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг яна бир драйвери сифатида икки мамлакат ҳудудларининг имкониятлари максимал даражада ишга солинади. Ҳокимлар ва маъмуриятлар раҳбарлари янги кооперация лойиҳалари ва гуманитар алмашинувни илгари суриш учун жойларда мунтазам учрашадилар.
Музокараларда маданият соҳасидаги алоқаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Яқинда Озарбайжонда Ўзбекистон маданияти кунлари катта муваффақият билан ўтди. Ушбу тадбирлар доирасида Бокуда ўзбек мумтоз адабиётининг буюк вакили Абдулла Қодирийнинг озарбайжон тилига таржима қилинган “Ўткан кунлар” романи тақдимот қилинди.
Маданият ва кино кунлари, ижод ва илм-фан арбобларининг учрашувлари мунтазам ўтказиб бориладиган бўлди. Жорий йилда Ўзбекистонда биринчи Ўзбекистон-Озарбайжон ёшлар форуми ташкил этилади.
Етакчилар Бирлашган Миллиатлар Ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, МДҲ, ЕХҲТ, Қўшилмаслик ҳаракати ва бошқа кўп томонлама институтлар доирасида ҳам самарали мулоқотни давом эттиришга аҳдлашиб олдилар.
– Бугунги музокаралар стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга интилишимиз қатъий эканини яна бир бор намойиш этди. Саъй-ҳаракатларимиз аниқ натижаларга қаратилган, – деди Ўзбекистон Президенти сўзининг якунида.