«Зуғулба» қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари Озарбайжон Президентига ташриф билан келиш таклифи ҳамда Ўзбекистон делегациясига кўрсатилаётган самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.
Етакчилар Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашдилар.
Парламентлар, ҳукуматлар, ҳудудлар, ташқи сиёсий ва бошқа идоралар, таҳлилий доиралар ўртасидаги алоқалар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.
Кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми барқарор суръатда ошиб бормоқда. Қўшма корхоналар сони 4 баробар кўпайди.
Озарбайжонда Ўзбекистон автомобилларини йиғиш, ипакчилик ва тўқимачилик кластерлари ташкил этилгани самарали ҳамкорликка мисол бўла олади.
Ташриф арафасида ўтказилган бизнес форуми натижасида янги кооперация лойиҳалари ва савдо шартномаларининг салмоқли тўплами шакллантирилди.
Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари энергетика, машинасозлик, металлургия, шаҳарсозлик, қишлоқ хўжалиги, фойдали қазилмалар, тўқимачилик, ипакчилик, фармацевтика, электротехника ва бошқа тармоқларда саноат кооперациясини кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш мақсадида Ўзбекистон-Озарбайжон инвестиция компаниясининг самарали фаолиятини таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.
Транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўрта коридор орқали юк ташишни кўпайтириш, логистика ва портлар инфратузилмасини биргаликда ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.
Президентлар ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, янги кооперация лойиҳаларини биргаликда ишлаб чиқиш ва илгари суриш учун икки мамлакат ҳудудлари раҳбарларининг мунтазам учрашувларини ташкил этиш муҳимлигини қайд этдилар.
Томонлар маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш, таълим ва фан соҳасида қўшма дастурларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Халқаро терроризм, экстремизм, наркотрафик, кибержиноятларга қарши курашиш борасида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан фикр алмашдилар, кўп томонлама тузилмалар доирасида фаол мулоқотни ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш масалаларини муҳокама қилдилар.