Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ИҲТ саммитининг асосий тадбирларида иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турган Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан музокара ўтказди.
Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Мунтазам ўтказиб келинаётган олий даражадаги мулоқотларда эришилган келишувларнинг натижалари катта мамнуният билан қайд этилди.
Товар айирбошлаш кўрсаткичлари ўсмоқда, автомобиль, электротехника, тўқимачилик саноатида, энергетика тармоғида, қишлоқ хўжалиги, логистика ва бошқа устувор йўналишларда муҳим кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Маданий-гуманитар тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон ва Озарбайжон раҳбарлари амалий ҳамкорлик дастур ва лойиҳаларини илгари суриш борасида биргаликдаги ишларни жадал давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар.