Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг 24 июль куни ўтган телефон орқали мулоқотида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, кооперация лойиҳаларини илгари суриш ва ўзаро савдони кўпайтириш масалалари диққат марказида бўлди.
Озарбайжон етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан дилдан қутлаб, мустаҳкам соғлик ва катта муваффақиятлар, кўп миллатли Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.
Ўзбекистон Республикаси ҳукумат делегацияси ўтган ҳафта Озарбайжонга амалга оширган ташрифнинг самарали якунлари ҳамда қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг Шуша шаҳрида ўтказилган навбатдаги йиғилиши натижалари мамнуният билан қайд этилди.
Бўлажак олий даражадаги саммитга қадар қатъий келишув ва битимлар тўпламини шакллантириш муҳимлиги таъкидланди.
Фаол маданий-гуманитар алмашинувларни ҳамда халқаро тузилмалар доирасидаги яқин ҳамкорликни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.