Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Дубай шаҳрига ташрифи давомида 2 декабрь куни Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Амирликлар томонидан Вице-президент Шайх Мансур Ол Наҳаён, Бош вазир ўринбосари, ички ишлар вазири Шайх Сайф Ол Наҳаён, энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий, саноат ва илғор технологиялар вазири, COP28 саммити президенти Султон Аҳмад ал-Жобир ҳам қатнашди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Амирликлар етакчиси ва дўст халқини Миллий байрами билан самимий табриклади ҳамда иқлим ўзгариши бўйича глобал саммит муваффақиятли ташкил этилгани билан қутлади.
Икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Ўзбекистон билан БАА ўртасидаги кўп қиррали алоқалар барқарор ва жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Йил бошидан буён товар айирбошлаш 30 фоизга ошди, қўшма корхоналар ва тўғридан-тўғри авиақатновлар сони кўпаймоқда. Икки мамлакат етакчи компаниялари иштирокидаги қўшма лойиҳалар портфели 4 миллиард долларни ташкил этмоқда.
Фаол мулоқотни давом эттириш ва бўлажак олий даражадаги тадбирларга пухта тайёргарлик кўриш муҳим экани таъкидланди.
Амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва уни кенг кўламли стратегик шериклик даражасига олиб чиқишдан манфаатдорлик билдирилди.