Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раҳбарияти бошчилигидаги делегация Корея Республикаси пойтахти Сеул шаҳрида бўлиб ўтаётган Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари Ассотсиатсияси, МДҲ давлатлари рақобат органлари, Корея Республикаси Адолатли савдо комиссиясининг 1-чи Саммити ҳамда 12-чи Сеул Халқаро рақобат Форумида иштирок этмоқда.
Ушбу нуфузли халқаро тадбир доирасида, бугун, 2023-йил 7-сентябр куни Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Корея Республикаси Адолатли савдо комиссияси (КФТC) мутасаддилари ўртасида раҳбарият даражасидаги учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда, жумладан, икки идора ўртасида рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ўзаро англашув ҳамда ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумни имзолашга келишилди.
Мазкур меморандум доирасида ўрганилган хорижий амалиётларни Қўмита фаолиятида тизимли жорий этиш юзасидан тегишли тадбирлар ўтказиш, олинган билим ва кўникмалар асосида Қўмита ходимлари салоҳиятини оширишга қаратилган ўқув-семинар тренинглар ташкил этиш, миллий иқтисодиётнинг рақобат базасини янада яхшиланишига қаратилган Корея Республикасининг монополияларга қарши курашиш, рақобат муҳитини тартибга солиш ва ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларидаги илғор тажрибасини ўрганиш, истиқболдаги ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш имконияти кўриб чиқилди.
Учрашув доирасида, шунингдек, янги таҳрирдаги “Рақобат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг мазмун-моҳияти, унга киритилган муҳим янгиликлар муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, рақамли бозорда рақобат қонунларини тартибга солиш (ех анте/ех пост тартибга солиш), замонавий иқтисодиётда қўшиб юбориш бўйича келишувларни самарали кўриб чиқиш, рақамли платформалари тартибга солиш, рақамли бозорларда рақобат тўғрисидаги қонунчиликга амал қилинишини таъминлаш, давлат харидлари соҳасидаги рақобатни қўллаб-қувватлаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда реклама бозорини тартибга солиш йўналишларида тажриба алмашиш юзасидан музокаралар бўлиб ўтди.
УШБУ ТАДБИРДА ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИ АЪЗОЛАРИ ИШТИРОК ЭТИШДИ