Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан “FAIR TECH” ягона ахборот тизими доирасида алоҳида модул ишлаб чиқилди. Бундан кўзланган асосий мақсад истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ва фармацевтика соҳасида қонунчилик меъёрларининг истеъмолчи фойдасига ишлашини интерактив усулларда назорат қилишдан иборат.
Ушбу янги тизим бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш онлайн тарзда тезкор амалга оширилади ҳамда коррупцияни келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳолатлар олди олинади. Шунингдек, соҳада янги йўналиш сифатида истеъмолчиларга етказилган зарарни қоплашнинг таъсирчан механизми жорий этилади.
Бунининг ҳуқуқий асоси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 октябрдаги ПҚ-411- сонли “Аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ белгиланган.
Янги тартибга кўра, 2023 йил 1 майдан истеъмолчилар томонидан дорихоналарда харид қилинган дори воситалари ва тиббий буюм харид чекларнинг QR-коди “Солиқ” мобил иловасида рўйхатдан ўтказилганда белгиланган устамалардан ортиқча маблағ олинганлиги аниқланса, автоматик равишда Рақобат қўмитасига хабар юборилиб, ортиқча олинган маблағни истеъмолчига қайтариш тизими ишга туширилмоқда. Ҳозирда тармоқ Солиқ қўмитаси ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг электрон тизимлари билан ўзаро интеграция қилинган ва ҳамкорликдаги ўзаро маълумотлар алмашинуви бўйича ишлайди. Сифатли мониторинг тизимини самарали ишлаши ҳамда техник жиҳатдан ишларни тезкор ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари планшетлар билан таъминланди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги (30.10.2016-yildagi ПҚ-2647-сонли) қарорига мувофиқ, дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъий назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўллаш тартиби белгиланган.