Президент Шавкат Мирзиёев 12 март куни тадбиркорлар фаолиятини кенгайтириш ва экспортга жалб этиш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Бу ҳақда давлатимиз раҳбари 2023 йил 18 декабрда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида айтган эди. Шундан сўнг, экспертлар иштирокида тадбиркорларнинг таклифлари асосида янги ёндашувлар ишлаб чиқилди.
Таҳлилларга кўра, ўтган йили экспортчи корхоналарга 665 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилиб, 3 миллиард 200 миллион долларлик экспорт таъминланган. Лекин айрим тармоқ ва ҳудудларда бу маблағлардан самарали фойдаланилмаган. Электр техникаси, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, заргарлик тармоқларида экспорт ўртача кўрсаткичларга етмаган. Уюшмалар томонидан 2 минг 709 та салоҳиятли экспортчилар қамраб олинмаган, уларга ҳалигача бирор ёрдам кўрсатилмаган.
Шу боис ҳудудларда ишлаб чиқариш, саноат зоналари ва экспорт масалаларини яхлит тизимда бирлаштириш мақсад қилинмоқда. 12 та тармоқ ва саноат уюшмасини Савдо-саноат палатаси тизимига ўтказиш таклиф этилмоқда. Бу орқали лойиҳа тайёрлаш ва экспорт тизими давлатдан тадбиркорлар ўзини ўзи бошқарадиган ташкилотга ўтади. Натижада уларнинг талаб ва истакларини эшитиш, муаммоларини ҳал қилиш осонлашади, тадбиркорларнинг ўзаро ҳамкорлиги кучаяди.
Ривожланган мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб, соҳадаги агентлик ва жамғармалар ўрнига Савдони ривожлантириш компанияси ташкил этилади. У чет элдан малакали дизайнер, технолог ва маркетологларни жалб этиб, миллий маҳсулотларни халқаро талабларга мослаштириш, экспортчиларнинг янги бозорларга чиқишига кўмаклашиш, миллий брендларни хорижда тарғиб қилиш билан шуғулланади. Бу компания томонидан субсидия, компенсация ва бошқа кўмаклар тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги асосида ажратилади.
Шунингдек, “Ўзбекэкспертиза” акциядорлик жамиятининг бошқаруви ҳамда Савдо-саноат палатаси билан алоқалари кучайтирилади. Барча туманда Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш лойиҳа офислари иш бошлайди.
Президентимиз иқтисодий ислоҳотлардан асосий мақсад тадбиркорликни ривожлантириш эканини таъкидлаб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича ўз фикрларини билдирди.
Уюшмаларнинг вазифа ва натижадорлигини кўриб чиқиш, раҳбар ва ходимлар малакасини ошириш муҳимлиги қайд этилди. Асосий ишни ҳудудларда ташкил этиб, янги лойиҳалар ишлаб чиқиш, тадбиркорларни экспортга жалб қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Мутасаддилар бу йил маҳаллий саноат экспорти ҳажмини 12 миллиард долларга етказиш режалари тўғрисида ахборот берди.