“Сирли мижоз” тадбири: 20 фоиз дорихонада спирт ўрнига лосьон берилгани аниқланди
Бугунги кунда фуқаролардан баъзи дорихоналар фаолиятидан норозилик билдирилган мурожаатлар келиб тушмоқда. Мазкур мурожаатларда спирт маҳсулоти сўралганда унинг ўрнига дорихона ходими томонидан лосьон таклиф этилаётгани билдирилган. Шу муносабат билан Рақобат қўмитаси томонидан “Сирли мижоз” тадбири доирасида дорихоналарда спирт маҳсулотларининг реализация қилиниши ҳолатлари ўрганилди.
Ўрганишларда 20 дан ортиқ дорихоналар қамраб олинди ва шундан тахминан 25 фоизида спирт сўралганда унинг ўрнига лосьон берилгани аниқланди.
Шу билан бирга, дори воситаларини ишлаб чиқаришда GDP сертификатлари жорий этилиб, сифат назорати кучайтирилган даврда айрим спирт ишлаб чиқарувчилар лицензия олмаган ва спирт ўрнига лосьон ишлаб чиқаришни бошлаган. Мазкур ҳолат юзасидан истеъмолчиларга тўлиқ маълумот берилмагани уларни чалғитишга олиб келган.
Маълумки, 70 фоизли тиббий спирт соғлиқни сақлаш соҳасида яъни
🟣инъекциялар олдидан терини ишлов бериш;
🟣асбоб-ускуналарни стерилизация қилиш;
🟣яраларни даволаш;
🟣жарроҳлик амалиётларида қўлланилади.
Лосьон эса таркибида спирт миқдори паст бўлган косметик маҳсулот ҳисобланади ва асосан:
🟣терини тозалаш ва ортиқча ёғланишни камайтириш,
🟣косметика қолдиқларини бартараф этишга мўлжалланган.
Шу боис, спирт ўрнига лосьон таклиф этилиши кутилган натижани бермаслиги ва истеъмолчилар соғлиғига зарар етказиши мумкин.
Ушбу ҳолат ўз навбатида истеъмолчиларга нотўғри маълумот берилиши ва натижада зарар етказилишига олиб келади.
Рақобат қўмитаси амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилиши аломатлари сифатида эътироф этилиб, дорихонага нисбатан тегишли иш қўзғатилишига олиб келиши ва бундай ҳолатларни олдини олиш чораларини кўриш ҳақида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига тегишли хат чиқарилди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, дорихоналарни истеъмолчиларга тўғри ва тушунарли маълумот тақдим этмаслик қонунчилик талабларини бузилиши эканлиги бўйича огоҳлантиради.








