Яроқлилик муддати ўтган дори воситалари ва назорат харидида аниқланган сифатсиз ун маҳсулотлари юзасидан кўрилган чоралар
Рақобат қўмитаси томонидан ички истеъмол бозоридан сифатсиз, истеъмолга яроқсиз маҳсулотлар сотилишининг олдини олиш юзасидан мунтазам ўрганишлар олиб бориилмоқда.
Ҳудудлар кесимида ўтказилган ўрганишлар:
Тошкент шаҳри
Юнусобод туманида истиқомат қилувчи фуқаро М.К.дан келиб тушган мурожаат ўрганиб чиқилганда “QUDRATILLA BARAKA SAVDO” МЧЖга қарашли дорихонадан харид қилинган “Тромбо АСС” дори воситасининг яроқлилик муддати ўтган маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ иш қўзғатди. Натижада, яроқлилик муддати ўтган товар учун истеъмолчи томонидан тўланган пул маблағларини қайтариш бўйича қарор қабул қилинди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйган масъул мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ҳужжатлар судга юборилди.
Наманган вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилган назорат хариди тадбирида ун маҳсулотларининг сифати ўрганилди.
Савдо шохобчаларидан харид қилинган ун маҳсулотлари намуналаридан бири “Chodak Asl Biznes” МЧЖ томонидан қадоқланган “SANA 777” (50 кг) биринчи навли буғдой уни таркибига лаборатория берган таҳлиллари санитария-гигиеник кўрсаткичлари бўйича меъёр талабига мос эмаслиги аниқланди.
Натижада, Махсус комиссия томонидан юқоридаги субъектга нисбатан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ги Қонунининг 6-20-моддалари талабларини бузган деб топилиб, белгиланган тартибда иш қўзғатилди. Буғдой унини сотишдан олинган 28.5 млн сўм маблағни истеъмолчиларга қайтариш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.








