ҲУДУДЛАРДА ОЧИҚ МУЛОҚОТЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА
Қашқадарё вилоятида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида навбатдаги очиқ мулоқот ташкил этилди.
Қўмита раисининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси О.Усмонов ҳудудлар кесимида жамоатчилик вакиллари билан ўтказилаётган учрашувларнинг асосий мақсади ва аҳамияти ҳақида атрофлича тўхталиб, маълумотлар бериб ўтди. Шунингдек, Рақобат қўмитаси Очиқлик сиёсати кўрсаткичлари рейтингида юқори ўринни эгаллаганини алоҳида таъкидланди.
Ҳудудий бошқарма бошлиғи С.Садиков томонидан 2025 йил якунлари ҳамда 2026 йилнинг I-чорагида амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил ҳисобот тақдим этди.
Ҳудуддаги рақобат соҳасидаги белгиланган вазифалар ижроси ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кўрсаткичлари жамоатчилик вакиллари билан бирга муҳокама қилинди.
Очиқ мулоқот давомида иштирокчилари томонидан 10 га яқин мурожаат ва таклифлар қабул қилинди.
Жумладан:
О.Бобоқуловнинг ижтимоий тармоқларда реклама фаолиятини амалга ошираётган блогерлар фаолиятини тартибга солиш ва қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан тегишли чоралар кўриш;
М.Каримовнинг Бюджет ташкилоти томонидан товар ва маҳсулотлар харид қилинаётганда, уларнинг нархларини ўрганиб чиқиш тартиби ва тадбиркорлар томонидан товар ва хизматлар электрон дўкон савдоси орқали жойлаштирилганда, уларни тегишли тартибда назоратга олиш ва мониторинг қилиш;
А.Исмоилованинг маҳаллий маҳсулотлар улушини ошириш учун махсус порталга ҳудудий локал коррекция механизмлари киритиш ҳамда реклама соҳасида қўлланиладиган чораларни такомиллаштириш юзасидан қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш киритиш;
Б.Давроновнинг Бюджет ташкилоти товар ва хизматлар харид қилганда, уларнинг сифати талабларга мувофиқлигини аниқлаш учун ваколатли органлар хулосасини олиши ва келгусида сифатсиз маҳсулотлар харид қилинишининг олдини олиш масаласидаги таклифлари тингланди ва уларни кўриб чиқиш юзасидан тегишли масъул органларга таклифлар киритилиши белгиланди.
Шу билан бирга, учрашув давомида “SOFT XIZMAT KO’RSATISH KOMPLEKS” МЧЖ қўшма корхонаси директори “Ҳудудгаз Қашқадарё» газ таъминоти филиали томонидан корхонага тегишли 2 та АГТКШга ёз ойларининг тунги вақтларида ҳеч қандай асосли сабабларсиз, ўзбошимчалик билан табиий газ таъминотидан узиб қўйилганлиги, Қўмита аралашуви натижасида масала ижобий ҳал этилгани учун ҳудудий бошқармага ўз миннатдорчилигини билдирди.
Тадбир иштирокчилар ўртасида савол-жавоблар ҳамда қизғин муҳокамалар руҳида бўлиб ўтди.
Маълумот ўрнида: Қўмитанинг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармасига 2025 йилда жами 5000 дан ортиқ ва 2026 йил I-чораги давомида 1400 га яқин мурожаатлар келиб тушган. Амалга оширилган ишлар натижасида 700 мингдан ортиқ истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниб, улар фойдасига 10 млрд сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинган.








