Ижтимоий тармоқ орқали “Бугун Korzinkaни етказиб бериш хизматидан фойдалангандим. Лекин қизиқ иш бўлди: буюртмани қабул қилишгач, бироз вақт ўтиб битта филе қолиб кетибди, уни алоҳида юборамиз деб телефон қилишди. Фақат филени олиб келишди, қолган 1 млн сўмлик маҳсулотлар эса йўқ. Операторлар телефонга жавоб бермайди…” мавзуида фуқаронинг мурожаати қолдирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Ўрганишлар давомида фуқаро “Korzinka”ни етказиб бериш хизмати орқали маҳсулотларни етказиб беришга буюртма берган ва пулини тўлагани, аммо Яндекс орқали юборилган буюртма мижозга етказилмагани маълум бўлди.
Хусусан, мазкур ҳолатда муаммо Яндекс хизмати ходими – етказиб берувчи (курьер) томонидан юзага келган. Фуқаро юборган йўналиш бўйича келган ходим кўп қаватли уйнинг аниқ йўлагини тополмаган, белгиланган ички хизмат кўрсатиш вақтига риоя қилган ва мижознинг уй эшигига келтириб бериш ҳақидаги талабини бажармаган. Мижоз билан етказувчи ўртасида келишмовчилик сабабли буюртма бекор қилинган.
Ўрганиш натижасида етказиб берувчи ҳаракати юзасидан хизмат кўрсатувчи корхонага мурожаат юборилган. Ходимлар ўртасида мижозлар билан аниқ ва тезкор ишлаш лозимлиги юзасидан тушунтиришлар олиб борилган. Фуқародан узр сўраган ҳолда “Korzinka” томонидан кейинги харидлар учун промокод тақдим этилиши таъминланди.