Рақобат қўмитасига ичимлик суви таъминоти корхонаси томонидан кўрсатилаётган хизматлар юзасидан келиб тушаётган мурожаатлар кўриб чиқилиб, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда.
Мурожаатлар ҳудудлар мисолида
Тошкент вилояти
Зангиота туманида яшовчи фуқаронинг йўллаган мурожаатида сув таъминотидаги тез-тез узилишлар бўлиши ва охирги 3 кундан буён умуман сув бўлмаганлигидан норозилик билдирган.
Ўрганишлар натижасида “Тошкент вилояти Сув таъминоти” АЖ Зангиота туман филиали томонидан камчиликлар бартараф этилиши таъминланган.
Тошкент шаҳри
Ҳудудий бошқарма томонидан Тошкентнинг М.Улуғбек тумани, Авайхон кўчаси 29-уй ва ТТЗ-1 мавзеси 279-мактаб ҳудудидаги Ўзбекистон Республикаси ичимлик сувлари – Гигиеник талаблар ва сифатни назорат қилиш миллий стандарти (OʻzMSt133:2024) меъёр талабларига номувофиқлиги аниқлагани юзасидан Қурилиш ва Уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси олиб борилган ўрганиш натижалари юзасидан берилган маълумотга асосан “Toshkent shahar suv taʻminoti” АЖга нисбатан иш қўзғатилди.
Шунингдек, 2025 йил 21 апрель – 5 май кунлари оралиғида 2 503 та истеъмолчиларга ўртача 21 120 м3 миқдорида OʻzMSt133:2024 меъёр талабларига жавоб бермайдиган ичимлик суви етказиб берилган.
Натижада махсус комиссия томонидан 43 млн сўмдан ортиқ миқдордаги пул маблағларини истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиш бўйича “Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖга қарор қабул қилиниб, тегишли кўрсатма берилди.
Самарқанд вилояти
Ҳудудий бошқармага фуқаро Ф.Ж. мурожаат қилиб, ичимлик суви етказиб беришдаги доимий сурункали узилишлардан норозилик билдирган.
Ўрганишлар натижасида “Сув таъминоти” АЖга мазкур мурожаат ижросини таъминлаш юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди ҳамда узилишларга сабаб бўлган техник носозликлар бартараф этилди.
Қашқадарё вилояти
Ҳудудий бошқармага Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Ш.К. хонадонида фойдаланиб келинаётган ичимлик суви учун тўловларни доимий равишда амалга ошириб келишига қарамай, таъминотчи томонидан 700 000 сўм қарздорлик чиқарилиб, таъминотдан узиб қўйилгани юзасидан мурожаатини қолдирган.
Келиб тушган мазкур мурожаат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилганда ҳақиқатдан ҳам истеъмолчининг номига сув ҳисоблагичидаги носозлик сабабли асоссиз равишда қарздорлик юзага келганлиги аниқ бўлди.
Айни вақтда истеъмолчи номидаги асоссиз қарздорлик дастурдан чиқарилди ва хонадон тўлиқ сув таъминотига уланиши таъминланди.
Навоий вилояти
Ҳудудий бошқарма Кармана туманида истиқомат қилувчи фуқаро Р.Л. хонадонида ичимлик суви йўқлиги, сув таъминоти корхонасига бир неча бор мурожаат қилса-да, масаласи ечилмагандан норози бўлиб йўллаган аризаси ўрганиб чиқилди.
Натижада “Навоий сув таъминоти” МЧЖ тасарруфидаги сув етказиш иншоотидаги муаммо бартараф этилиб, фуқаро ва ушбу кўчада истиқомат қилувчи барча аҳоли хонадонларига ичимлик суви мунтазам равишда етказиб берилиши таъминланди.








