Истеъмолчи харид қилган автомототранспорт воситасида баъзида кафолат муддатидаёқ нуқсон ва камчиликлар аниқланади. Улардаги носозликлар албатта ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи сервислар томонидан бартараф этилади, ишлаб чиқаришдаги нуқсони бор авотомобиллар сифатлисига алмаштириб берилади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарорининг 1-иловаси “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”да тегишли тартиблар белгиланган.
“Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 119-бандида сотувга фақат белгиланган мувофиқлик сертификатига эга бўлган (мажбурий тартибда сертификатланиши шарт бўлса) автомототранспорт воситалари (автомобиллар, мотоцикллар, тиркамалар, мамлакатимизда ва чет элда ишлаб чиқарилган рақамли агрегатлар) қўйилиши белгилаб берилган.
Қоиданинг 121-бандига кўра, сотувчи расмийлаштиришгача харидорга автомототранспорт воситасини сотишдан олдин тайёрлашга доир бажарилган ишларнинг сифатини, унинг бутланганлигини текшириш, шунингдек кафолат мажбуриятлари шартлари билан танишиш имконини бериши керак.Чет элда ишлаб чиқарилган автомототранспорт воситасидан фойдаланишга доир амалий қўлланма давлат тилига қўшимча ҳақ ундирилмасдан таржима қилиниши керак.
Қоиданинг 128-бандида автомототранспорт воситасидаги камчиликлар бартараф этилган тақдирда ишлаб чиқарувчи завод томонидан белгиланган кафолат муддати транспорт воситасидан фойдаланилмаган вақтга узайтирилади. Кўрсатиб ўтилган вақт автомототранспорт эгасининг камчиликларни бартараф этиш ҳақидаги талаб билан мурожаат қилган кундан бошлаб ҳисобланади ва автомототранспорт воситаси тузатилгандан кейин олинган пайтдан бошлаб тамом бўлади.
Қоиданинг 129-бандида нуқсонлари бўлган автомототранспорт воситасини сотувчи, ишлаб чиқарувчи (унинг функцияларини бажарувчи корхона) томонидан алмаштириш етти кун муддатда (агар алмаштириш тўғрисида талаб берилган пайтда шунга ўхшаш автомототранспорт воситаси бор бўлса), сифатни қўшимча равишда текшириш зарур бўлганда эса автомототранспорт воситаси эгаси томонидан талаб берилган кундан бошлаб 20 кун ичида амалга оширилади. Автомобилларни алмаштириш муддатлари мазкур Қоидаларнинг 127-бандига мувофиқ эксперт комиссияси қарори қабул қилинган санадан бошлаб ҳисобланади.
Шунга ўхшаш автомототранспорт воситаси мавжуд бўлмаганда автомототранспорт воситаси эгасининг нуқсонли автомототранспорт воситасини алмаштириш тўғрисидаги талаби эътироз берилган пайтдан бошлаб бир ой ичида қондирилиши керак. Автомототранспорт воситасини алмаштиришда кафолат муддати автомототранспорт воситаси эгасига берилган кундан бошлаб ҳисобланади.
Қоиданинг 130-бандида камчиликлар (носозликлар) пайдо бўлиши масаласида келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда сотувчи, ишлаб чиқарувчи (унинг функцияларини бажарувчи корхона) автомототранспорт воситаси эгаси мурожаат қилган жой бўйича эксперт комиссияси ташкил этади. Комиссия таркибига тайёрловчининг, сотувчининг (унинг функцияларини бажарувчи корхонанинг) вакили ва автомототранспорт эгасининг хоҳиши бўйича истеъмолчилар жамоатчилик ташкилоти вакили ёки бошқа шахс киради. Автомототранспорт воситаси эгаси экспертиза ўтказилишида қатнашиш ҳуқуқига эгадир.
Комиссия камчилик (носозлик):
а) агар автомототранспорт эгаси томонидан автомототранспорт воситасидан фойдаланиш бўйича завод йўриқномаси талабларига риоя этмаслик, шу жумладан йўриқномада кўрсатилган фойдаланиш материалларини қўллаш бўйича талабларга риоя этмаслик;
б) автомототранспорт воситаси авария натижасида шикастланиши, агар авария автомототранспорт воситасининг техник носозлиги натижасида юз бермаса;
в) агар узеллар ва агрегатлар автомототранспорт воситаси эгаси томонидан автомототранспорт воситасини кафолатли тузатиш пунктига ёки завод вакилига жойида кўрсатмасдан қисмларга ажратилиши ёки тузатилиши;
г) автомототранспорт эгаси томонидан автомототранспорт воситаси конструкциясига ўзгартиришлар киритилиши, конструкцияси автомототранспорт воситасини тайёрловчи завод билан келишилган қўл билан бошқариш деталлари намунавий комплектларини мустақил ўрнатишдан ташқари;
д) агар автомототранспорт воситаси эгаси томонидан ўз ташаббуси билан ёки ўз кучи билан стандарт узеллар ва деталлар қисмларга ажратилиши ва норматив-техник ҳужжатларда назарда тутилмаган бошқа узеллар ва деталлар монтаж қилиниши;
е) ишлаб чиқарувчи заводнинг розилигисиз автомототранспорт воситасидан пойгаларда ёки мусобақаларда фойдаланиш натижасида;
ж) носозликлар автомототранспорт воситаси эгасининг эҳтиётсизлиги (совуққонлиги), нуқсонлар келиб чиқишининг олдини олиш учун зарур хатти-ҳаракатлар кўрмаганлиги оқибатида келиб чиққан дейиш учун етарлича асос бўлган бошқа ҳолларда автомототранспорт воситаси эгасининг талабини кўриб чиқмаслиги мумкин.
Мазкур бандда санаб ўтилган сабаблар туфайли пайдо бўлган камчиликларни бартараф этиш умумий асосларда амалга оширилади.
Қоиданинг 131-бандида автомототранспорт воситаларини тузатиш, нархини пасайтириш, алмаштириш учун келтириш ва уларни харидорга қайтариш сотувчи, ишлаб чиқарувчи (унинг функцияларини бажарувчи корхона) томонидан текин амалга оширилади.
МАЪЛУМОТ ЎРНИДА. Рақобат қўмитасига ўтган 2024 йил давомида мазкур соҳада фуқаролардан 1050га яқин мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг асосий қисми автомобилларни етказишда шартнома шартларига амал қилмаслик, улардаги учраётган нуқсонлар, алмаштириб беришдаги муаммолар, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олинаётган ҳолатлар ва билдирилган шикоятларга ўз вақтида муносабат билдирмаслик каби ҳолатларни ўз ичига олган. Мурожаатларнинг ижобий ҳал этилиши натижасида 5 млрд сўмга яқин маблағ истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.
Ҳурматли истеъмолчилар, агар сиз харид қилаётган автомобилингиз белгиланган муддатда етказиб берилмаса, кафолат муддатида нуқсонлари аён бўлса, уни таъмирлатишда ёки алмаштиришда муаммолар юзага келган тақдирда Рақобат қўмитасининг ягона ишонч (1159) рақами орқали мурожаатингизни қолдиришингиз мумкин.