Рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган мониторингларда ижтимоий тармоқлар орқали “Halolmevali ko’chatlar» номи остида мевали кўчатлар савдосини амалга оширувчи хизматлар тўғрисида реклама ахборотлари жойлаштирилганлиги аниқланди.
Дастлабки ўрганишларда мевали кўчатлар савдоси тўғрисида маълумот берувчи ахборот ресурси орқали дарахт кўчатлари олиш ниятида бўлган фуқароларни чалғитиш мақсадида ўз ахборот ресурси номланишида асоссиз равишда “Halolmevali ko’chatlar» номидан фойдаланганлиги маълум бўлди.
Маълумот учун: Дин ишлари бўйича қўмитанинг «Ҳалол» сертификати ёки «Ҳалол» ном одатда озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш, ишлаб чиқариш, қадоқлаш, сақлаш ва ташиш жараёнларида қўлланилиши, турли реклама ва эълонларида аҳолини чалғитувчи «ҳалол» сўзини қўшиш билан мижозлар сонини кўпайтиришни мақсад қилингани бўйича ҳам умумий хулосаси мавжуд.
Юқоридагиларга кўра, «Halolmevali ko’chatlar» ахборот ресурсини юритувчи шахсларга реклама тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари ҳақида тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, нотўғри реклама берганлик учун ахборот ресурс эгаси маъмурий жавобгарликка тортилди.
Натижада «Halolmevali ko’chatlar» платформаси номи ихтиёрий равишда бошқа номга ўзгартирилиши таъминланди.
Қўмита томонидан ахборот ресурслари (ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда ва телеграм мессенжерида ташкил қилинган гуруҳ ва каналлар) орқали жойлаштирилган рекламаларнинг амалдаги реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мослиги юзасидан ўрганиш ва таҳлил ишлари давом эттирилмоқда.