Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ўз фаолиятида рақобатни таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича суд инстанцияларида фаол қатнашиб келмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг октябрь ва ноябрь ойларида Қўмитанинг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармасига фуқаролар Ж.М. ва О.И.дан «MEGA-AVTO-LEASIN» МЧЖ фаолиятидаги қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан уларга тегишли тартибда чора кўришликни сўраб мурожаатлар қилинган.
Ушбу мурожаатларда, фуқаролар Ж.М. ва О.И. «MEGA-AVTO-LEASIN» МЧЖ билан «Damas» ва «Cobalt» автомашинаси олиш учун шартнома имзолаганлиги, аммо автомашина шартнома шартларига мувофиқ муддатида етказиб берилмаганлиги учун тўланган маблағни қайтаришда амалий ёрдам бериш сўралган.
Мазкур мурожаатларни ўрганиш жараёнида шартномавий муносабатларда ноқонуний ҳолатлар аниқланган. Ушбу ҳолат Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 23-25-моддаларига асосан зид деб топилган. Юқоридагиларни инобатга олиб, ҳудудий бошқарма томонидан Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига даъво аризаси тақдим этилган (жавобгар «MEGA-AVTO-LEASIN» МЧЖ Тошкент шаҳрида фаолият олиб бориши сабабли).
Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди томонидан ушбу икки ҳолат юзасидан ўтказилган суд жараёнларида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 382-моддаси 2 ва 3-қисмларига кўра, тарафлардан бирининг талаби билан шартнома суд томонидан фақат иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса ҳамда ушбу Кодекс, бошқа қонунлар ва шартномада назарда тутилган ўзга ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкинлиги инобатга олиниб, фуқаролар ва «MEGA-AVTO-LEASIN» МЧЖ ўртасида тузилган шартномавий муносабат суд тартибида бекор қилинди. Рақобат қўмитаси томонидан фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилишни кўзлаб киритилган юқоридаги даъво аризалари суд томонидан ҳам қаноатлантирилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида, фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб 52 375 000 сўм маблағ фуқаро Ж.М. ҳамда 35 605 471 сўм маблағ фуқаро О.И. фойдасига тўлиқлигича ундириб берилиши таъминланди.
Хулоса қилиб айтганда, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси республикамизнинг барча ҳудудларида рақобатни таъминлаш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан бу каби ишларни тизимли тарзда амалга ошириб келмоқда.