Жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1 майдаги 256-сонли қарори билан тасдиқланган “Рақамли платформа операторининг устун мавқеини ва устун музокара кучини эътироф этиш ҳамда рақобатнинг чекланишига ва (ёки) истеъмолчиларнинг, бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситишга олиб келадиган ҳаракатларни аниқлаш тартиби тўғрисида”ги Низом кучга кирди.
Мазкур Низомнинг 8-бандига мувофиқ, рақамли платформа оператори қуйидаги шартларнинг бирига риоя қилинганда ҳамда бевосита ва билвосита тармоқ самараси мавжуд бўлганда устун мавқега эга деб эътироф этилади:
агар рақамли платформа операторининг рақамли макон чегаралари доирасидаги сўнгги календарь йилдаги тушуми миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 минг бараваридан (37,5 млрд сўм) юқори бўлса;
агар рақамли платформа операторининг фаол якуний фойдаланувчиларининг умумий ўртача сони ҳар ойда камида 50 мингни ёки фаол тадбиркор фойдаланувчиларнинг ўртача сони ҳар ойда камида 3 мингни ташкил этса.
Шунингдек, юқоридаги Низомнинг 9-бандига мувофиқ, рақамли платформа оператори ушбу кўрсаткичларга эришган санадан эътиборан икки ой муддатда монополияга қарши органни хабардор қилиши шартлиги белгилаб қўйилган.
2024 йил 1 октябрь куни Қўмитага «Yandex EATS» МЧЖ ХК томонидан тайёр овқат ва бошқа истеъмол маҳсулотларини буюртма бериш ва етказиб бериш агрегатори хизмати бўйича, шунингдек, «YandexGo UB» МЧЖ томонидан такси агрегатори хизмати бўйича устун мавқега эришилгани ҳақидаги хабарномалар келиб тушди.
Қўмита рақамли платформалар томонидан янги тартибга солиш ҳужжатлари талабларини бажарилишини олқишлайди.
Натижада, Қўмитанинг тегишли буйруғи билан 2024 йил
22 октябрдан эътиборан тайёр овқат ва бошқа истеъмол маҳсулотларини буюртма бериш ва етказиб бериш агрегатори хизмати бозорида “YANDEX EATS» МЧЖ ХК ва «Express24 APP» МЧЖ (Express24 хизмати), такси агрегатори хизматлари бозорида эса «YandexGo UB» МЧЖ устун мавқега эга рақамли платформа операторлари деб эътироф этилди.
Шу пайтдан бошлаб, ушбу компаниялар юқорида кўрсатилган Низом талабларига риоя қилишлари шарт.
Шу билан бирга, бозор иштирокчиларига яна бир бор эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1 майдаги 256-сон қарорининг 2- иловасида тасдиқланган Низомнинг 19-бандида рақамли платформалар операторларига рақобатни чеклайдиган ҳамда фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини камситувчи 20 дан ортиқ турли хил хатти-ҳаракатлар тақиқланиши белгиланган.
Мазкур талаблар бузилганлиги аниқланган тақдирда, рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилган даврда, бироқ охирги уч йилдан ортиқ бўлмаган даврда хизматларнинг реализация қилишдан олинган тушум суммасининг 5 фоизи миқдорида жарима, шунингдек, мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик назарда тутилган.
Бундан ташқари, Қўмита томонидан устун мавқега эга рақамли платформа операторларига уларнинг фаолиятини рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқликни таъминлаш мақсадида Комплаенс тизимларини ишлаб чиқиш ва Қўмита билан келишиш бўйича талабнома юбориш амалиёти жорий этилади.
- «Yandex EATS» МЧЖ ХК «Express24 APP» МЧЖ активларини сотиб олиш бўйича битим тўғрисида Қўмита қуйидагиларни маълум қилади.
2024-йил 25-октябрда Қўмитага «Yandex EATS» МЧЖ ХК томонидан Express24 хизматига оид битим тўғрисида хабарнома киритилди. Унда «Yandex EATS» МЧЖ ХК томонидан «Express24 APP» МЧЖ тайёр овқат ва бошқа истеъмол маҳсулотларини буюртма бериш ва етказиб бериш агрегатори хизматига оид активларини сотиб олиш бўйича битимни амалга ошириш режалаштирилганлиги кўрсатилган.
Битим юридик шахснинг акция (улушларини) сотиб олишдан иборат эмас, балки активларни сотиб олишдан иборат.
Битим доирасида Express24 хизматига тегишли қуйидаги номоддий активларни сотиб олиш режалаштирилган:
- компьютер дастурлари (жумладан, iOS ва Android учун мослаштирилган мобил иловалар, курьерлар учун иловалар ва бошқалар, операцион жараёнларни қўллаб-қувватлаш дастури);
- маълумотлар базалари (жумладан, фойдаланувчи маълумотлари), Express24 веб-сайти;
- https://express24.uz/, exp24.uz, ekspress24.uz, exp.uz домен номлари;
- “Express24: етказиб бериш хизмати”, “Express24: етказиб бериш монстрлари”, “Express dookon” савдо белгилари.
Шунингдек, ушбу транзакция “Nеwмах Technologies” МЧЖга тегишли бошқа активларига (шу жумладан, My Taxi такси агрегатори хизматига) таъсир қилмаслиги таъкидланган.
Ўзбекистон Республикасининг 07.03.2023 йилдаги “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 26-моддасига мувофиқ, иқтисодий концентрацияга олдиндан розилик бериш орқали ваколатли давлат органи томонидан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
хўжалик юритувчи субъектни қўшиб олиш ёки қўшиб юбориш орқали қайта ташкил этишда;
шахс ёки шахслар гуруҳи Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган акциядорлик жамияти овоз берувчи акцияларининг 25 фоизидан ортиғини тасарруф этиш ёхуд масъулияти чекланган жамиятнинг ёки қўшимча масъулиятли жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларнинг учдан бир қисмидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олганда.
Шунга кўра, ушбу битим монополияга қарши орган билан олдиндан келишиш талабига тушмайди, чунки компанияларнинг акциялари (улушлари) сотиб олинмаяпти ва қўшиб юбориш ёки қўшиб олиш содир бўлмаяпти.
Шу билан бирга, ушбу битим иқтисодий концентрация хусусиятларига эга бўлиб, «YANDEX EATS» МЧЖ ХК томонидан Express24 сервисининг фаолиятига ҳал қилувчи таъсир кўрсатади ва умумий ҳисобда (2023 йил якунларига кўра таҳлил натижаларига асосан) тайёр овқатларни етказиб бериш агрегатори хизматлари бозорининг 87,5 фоизини назорат қилади.
Бугунги кунда, бозорда маҳаллий сервислар – Uzum Tezkor, Bringo, Girgitton, шунингдек, кафе ва ресторанларнинг ўзининг хизматлари (Telegram-ботлар ва иловалар) ҳам мавжуд. Шунингдек, Россиянинг Broniboy компанияси ҳам ушбу бозорда фаолият юритиб келмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон бозорига яна бир йирик халқаро ўйинчи – DoorDash (АҚШ) компаниясига тегишли Wolt сервиси ҳам кириб келди. Ушбу компания Америка бозорида 56% улушга эга бўлиб, тушуми 8,6 миллиард долларни ташкил этади.
Бу эса, бугунги кунда бозорда рақобат учун етарли шароитлар мавжудлигидан дарак беради.
Қўмита мазкур битимнинг бозордаги рақобат ҳолатига ҳамда истеъмолчилар манфаатларига таъсирини доимий мониторинг қилиб боради.