2023 йил 5-9 июнь кунлари Ереван шаҳрида (Арманистон Республикаси) “Марказий Осиё энергетика регуляторлари ҳамкорлиги хизматлари сифати” мавзусида семинар бўлиб ўтмоқда.
Ушбу семинар АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (УСАИД) Марказий Осиёда энергетика соҳасида тартибга солиш бўйича ҳамкорлик лойиҳаси доирасида, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва АҚШ Коммунал хизматларни тартибга солиш бўйича комиссарлари миллий ассоциацияси (НАРУС) билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Ўз навбатда, халқаро экспертлар ва НАРУС вакиллари, шунингдек, Арманистон Давлат хизматларини тартибга солиш комиссияси томонидан ўтказилган ушбу семинарда Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг масъул ходимлари, Энергетика вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Республикаси вазирликлари вакиллари иштирок этмоқда.
Мазкур семинар хизматлар сифати стандартлари бўйича билимларни ошириш ва эталонлар билан солиштиришга хизмат қилади, бу эса тартибга солинадиган компаниялар билан янада шаффоф ва фаол ҳамкорлик қилиш имконини яратади, самарали инвестиция муҳитини шакллантиришга ҳисса қўшади.