Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди.
Қирғизистон етакчиси давлатимиз раҳбарини кеча бўлиб ўтган Президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан табриклади. Қайд этилганидек, овоз бериш натижалари мамлакатимиз аҳолиси Ўзбекистоннинг барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлашга қаратилган прагматик сиёсатга ишониши ва уни кенг қўллаб-қувватлашини яққол кўрсатди.
Телефон мулоқоти давомида икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Идоралараро мулоқотлар фаол кечаётгани, икки мамлакат ишбилармонлари ва ҳудудлари ўртасидаги алмашинувлар самарали бўлаётгани қайд этилди.
Жорий йил 1 июнь кунидан Ўш шаҳрида Ўзбекистоннинг бош консуллиги ўз ишини бошлади. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ортиб бормоқда, автомобилсозлик, энергетика, электротехника ва тўқимачилик тармоқларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Қўшма Инвестиция фондининг фаолияти йўлга қўйилди.
Гуманитар соҳада икки мамлакат оқсоқоллари, зиёлилари ва ёшлари иштирокидаги Авлодлар мулоқоти доирасидаги тадбирларга тайёргарлик кўрилмоқда.
Давлат раҳбарлари олий даражадаги келишувларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш муҳимлигини таъкидладилар.