Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан ўтказилган тўртинчи очиқ мулоқотида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек бозор иқтисодиёти шароитида рақобатни янада ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий сектор учун кенг йўл очиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодиётда рақобатни ривожлантириш ва хусусий секторнинг ролини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-35-сонли Фармони қабул қилинди.
Хусусан:
- Мазкур Фармон билан эксклюзив ҳуқуқлар тақдим этилишига доир қуйидаги талаблар белгиланди:
эндиликда мулкчилик шаклидан қатъи назар, маълум бир ёки бир нечта корхоналарга ва давлат ташкилотларига муайян товарларни ишлаб чиқариш, иш ва хизматларини кўрсатиш учун рухсатнома, лицензия асосида тақдим этилган мутлақ ҳуқуқ(лар) эксклюзив ҳуқуқ сифатида эътироф этилади;
эксклюзив ҳуқуқлар берилган корхоналар товар, иш ва хизматларининг нархлари давлат томонидан тартибга солинади;
2025 йил 1 апрелдан бошлаб эксклюзив ҳуқуқ корхоналарга Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари билан 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга фақат қуйидаги мақсадлар учун берилади:
конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, Ўзбекистон Республикасида мудофаа қобилиятини, давлат ва жамоат хавфсизлигини
ҳамда жамоат тартибини таъминлаш;
табиий офатлар, ҳалокатлар ва эпидемияларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш.
Маълумот учун, бугунги кунга қадар эксклюзив ҳуқуқлар берилган айрим корхоналарнинг товар, иш ва хизматлари нархи давлат томонидан тартибга солинмаган, мазкур ҳуқуқ чекланмаган муддатга тақдим этилган.
Ушбу тартибнинг белгиланиши, рақобат ривожланган ва ривожланиши мумкин бўлган соҳаларда айрим корхоналарга эксклюзив ҳуқуқларнинг берилишини, шунингдек улар томонидан истеъмолчиларда тақдим этилаётган товар, иш ва хизматларининг нархлари кескин ошишининг олди олинади.
- Шунингдек, Фармон билан эксклюзив ҳуқуқлар берилган корхоналарга нисбатан қўлланиладиган талаблар белгиланди.
Эндиликда эксклюзив ҳуқуқлар берилган хўжалик юритувчи субъектларнинг реестрига кирган корхоналарга охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушуми миқдоридан қатъи назар қуйидаги талаблар қўлланилади:
истеъмолчиларнинг товарни олишга бўлган ҳуқуқларини камситмаслик;
камситувчи шарт-шароитларни белгиламаслик;
шартнома тузишни асоссиз равишда рад этмаслик;
истеъмолчилардан белгиланган нархдан ортиқ ҳақ олмаслик олмаслик.
Ушбу талабларнинг эксклюзив ҳуқуқлар берилган корхоналар томонидан бузилиши уларга нисбатан маъмурий ва молиявий жавобгарлик чораларининг қўлланилишига сабаб бўлади.
Ўз навбатида, ушбу корхоналар томонидан белгиланган талабларга қатъий риоя қилиниши натижасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари таъминланади.
III. Шунингдек, Фармон билан эксклюзив ҳуқуқ берилган фаолият йўналишларини ўрганиб бориш тартиби белгиланди.
2025 йилдан бошлаб ҳар йили:
1 апрелга қадар эксклюзив ҳуқуқ берилган соҳадаги ваколатли давлат органлари томонидан Рақобат қўмитаси Реестрга кирган корхоналарнинг эксклюзив ҳуқуқларини бекор қилиш ёки сақлаб қолиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида таклифлар киритилади;
1 майга қадар эксклюзив ҳуқуқ берилган соҳадаги ваколатли давлат органларининг таклифлари Рақобат қўмитаси тегишли давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда ўрганиб чиқилади;
1 июнга қадар Рақобат қўмитаси эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш ёки сақлаб қолиш мақсадга мувофиқлиги юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади.
Ушбу тартибнинг белгиланиши натижасида корхоналарга берилган эксклюзив ҳуқуқлар доимий равишда ўрганиб бориш, шунингдек рақобатли бозорни яратиш мумкин бўлган, давлат ва жамоат манфаатларига дахл қилмайдиган соҳалардаги эксклюзив ҳуқуқларни босқичма-босқич бекор қилиш имконини беради.
- Шунингдек, ушбу фармон билан “ЎзИнжиниринг” лойиҳа институти, “Миллий PR-маркази” ДУК, “Ўзбекэкспертиза” АЖ, “Sag agro МТП” МЧЖ ва “Ўзбекистон стандартлар институти” давлат муассасасининг тегишли фаолият йўналишидаги эксклюзив ҳуқуқлари 2025 йил 1 апрелдан бошлаб бекор қилиниши белгиланди.
Мазкур корхонанинг товар ва молия бозорлардаги эксклюзив ҳуқуқлари бекор қилиниши натижасида 1 200 га яқин тадбиркорлик субъектлари учун ушбу бозорларга киришда тенг шароитлар яратилади.
- Шунингдек, ушбу фармон билан Рақобат қўмитасига 2025 йил
1 апрелга қадар эксклюзив ҳуқуқлар берилиши назарда тутилган қонунчилик ҳужжатларини хатловдан ўтказган ҳолда Реестр шакллантириш ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш вазифаси юклатилди.
Ушбу вазифа ижросининг таъминланиши эксклюзив ҳуқуқлар берилган хўжалик юритувчи субъектлар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатилишига имкон беради.
Рақобат қўмитаси ваколатли давлат органи сифатида мазкур йўналишдаги фаолиятини изчил давом эттиради.