Ҳурматли анжуман иштирокчилари, хонимлар ва жаноблар!
Сиз, азизларни қадимий ва гўзал Самарқанд шаҳрида озиқ-овқат хавфсизлигига бағишлаб ўтказилаётган халқаро конференциянинг очилиши билан чин қалбимдан табриклайман.
Мазкур анжуманда дунёнинг 32 та давлатидан 620 нафардан зиёд хорижий меҳмон ҳамда 30 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотдан вакиллар қатнашаётгани унга жаҳон миқёсидаги катта қизиқиш ва эътибордан далолатдир.
Албатта, ушбу конференция учун айнан Самарқанд шаҳри танлангани бежиз эмас. Қарийб уч минг йиллик тарих ва маданиятга эга бўлган бу кўҳна шаҳар асрлар давомида Буюк ипак йўлидаги муҳим чорраҳа бўлиб келган.
Сизларга яхши маълумки, озиқ-овқат хавфсизлиги, уни барқарор етказиб бериш, очлик ва қашшоқликка қарши кураш масалалари бугун ҳам ўта долзарб бўлиб қолмоқда.
Сўнгги ўн йилларда “яшил инқилоб” ва инновацион технологияларнинг кенг жорий этилиши туфайли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми кескин ошди, тобора кўпайиб бораётган дунё аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлашда сезиларли ютуқларга эришилди.
Афсуски, кейинги пайтда коронавирус пандемияси, жаҳон сиёсати ва иқтисодиётидаги инқирозлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш тизимида занжирларнинг узилиши ва нархлар ошишига сабаб бўлди.
Бундан айниқса ривожланаётган мамлакатлар жабр кўрмоқда. Глобал иқлим ўзгаришлари, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимига инвестиция ҳажми камайиши вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Бу эса Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни хавф остида қолдирмоқда.
Ўзбекистон Республикаси БМТ Бош котиби Антонио Гутерреш жанобларининг 2021 йилда озиқ-овқат тизимлари бўйича глобал саммит ўтказиш борасидаги ташаббусини биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлади. Бугунги анжуман ана шу саммитнинг мантиқий давомидир.
Ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалиги экинларининг серҳосил, ташқи таъсирларга чидамли навларини яратиш, чорва наслини яхшилаш ўта муҳим аҳамият касб этмоқда. Фермерлар ва кичик ишлаб чиқарувчилар учун ахборот-консалтинг марказларини ташкил этиш, уларни ресурс тежайдиган илғор технология ва усуллар бўйича ўқитиш учун агро-консалтинг хизматлари сифатини тубдан яхшилаш ҳам долзарб бўлиб бормоқда.
Замонавий технологиялар ва қишлоқ хўжалиги техникаси ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлардаги фермерлар учун бир хилда очиқ ва ҳамёнбоп бўлиши керак. Биз халқаро молия институтларини ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиб, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг “яшил технологиялар”дан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича аниқ амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқишга чақирамиз.
Биз энг зарур маҳсулотлар савдоси ва транспортировкасида тўлиқ эркинлик ҳамда озиқ-овқат юклари ҳаракатини тартибга соладиган қоидаларни соддалаштириш тарафдоримиз. Савдо йўллари хавфсизлиги ва очиқлигини таъминлаш давлатлараро муносабатларда ўзгармас тамойил бўлиб қолиши зарур.
Қадрли дўстлар!
Ўзбекистон замини ўзининг қадимий ва бой деҳқончилик анъаналари, ғоят хилма-хил, мазали ва ноёб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан азалдан шуҳрат қозониб келади.
Агротармоқ иқтисодиётимиздаги етакчи секторлардан бири бўлиб, меҳнатга лаёқатли аҳолимизнинг 27 фоизи ушбу соҳада меҳнат қилади.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини янада самарали ва ресурс тежайдиган соҳага айлантириш, қишлоқда аҳоли ҳаёт даражасини яхшилаш, халқимизни арзон ва барқарор нархларда хавфсиз
ва витаминларга бой озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, соғлом овқатланишни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда.
Бизнинг юртимиздан етишиб чиққан, Ғарбда “Авиценна” деган ном билан шуҳрат қозонган буюк аллома Ибн Сино бобомиз ўрта асрлардаёқ “Кимки узоқ ва соғлом ҳаёт кечиришни истаса, аввало, овқатнинг сифати ва миқдорига эътибор қаратсин”, деб таъкидлаганлар.
Албатта, дунё аҳолиси ўртасида соғлом овқатланиш маданиятини шакллантириш – узоқ давом этадиган жараён. Бу мақсадга эришишда барча давлатлар ҳукуматлари, ишлаб чиқарувчилар, олимлар ва тиббиёт ходимлари яқин ҳамкорликда иш олиб боришлари лозим, деб ҳисоблаймиз.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Сизлар конференция давомида ана шундай муҳим масалалар ҳақида атрофлича фикр алмашиб, глобал миқёсда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган янги ташаббус ва амалий таклифларни ишлаб чиқасиз, деб ишонаман.
Меҳмондўст Ўзбекистон заминига хуш келибсиз!
Мамлакатимизга ташрифингиз мазмунли ва самарали бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти