Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 октябрь куни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказди.
Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув аввалида Президентимиз таклиф ва кўрсатилаётган самимий қабул учун Хитой етакчисига миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон раҳбари ХХР Раисини Хитой ташкил топган кун ҳамда “Бир макон, бир йўл” ташаббусининг ўн йиллик юбилейи билан дилдан қутлади.
– “Макон ва йўл” ташаббуси қисқа тарихий давр ичида умумий тараққиёт ва равнаққа эришиш йўлидаги ҳамкорлик учун муҳим, инклюзив ва очиқ платформага айланди.
ХХР Раисининг “Яшил ипак йўли” ташаббуси илк бор 2016 йилда Ўзбекистонда билдирилгани чуқур рамзий маънога эга, – деди мамлакатимиз етакчиси.
Ўзбекистон Хитой билан кўп қиррали муносабатларни янада чуқурлаштиришга қатъий интилиши алоҳида таъкидланди.
Ҳар томонлама стратегик шерикликни янги даврда ривожлантириш бўйича беш йиллик дастур амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Президентининг жорий йил май ойидаги Хитойга давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар изчил бажарилаётгани, сиёсий мулоқот мустаҳкамланиб, асосий масалалар борасида томонлар бир-бирини қўллаб-қувватлаётгани алоҳида мамнуният билан таъкидланди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда.
Кейинги йилларда Хитой инвестициялари ҳажми беш баробар, қўшма корхоналар сони уч баробар кўпайди. Жорий йил бошидан буён ўзаро савдо ҳажми 36 фоизга ошди. Йил якунигача ушбу кўрсаткич 10 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.
Товар айирбошлашни яқин беш йилда 20 миллиард долларга етказиш учун барча асослар борлиги ҳақида якдил фикр билдирилди.
Хитой компаниялари ва молиявий институтлари иштирокида юксак технологиялар, муқобил энергетика, кимё, машинасозлик, металлургия, электротехника тармоқларида, инфратузилмани модернизация қилиш ва бошқа йўналишларда бир қатор йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон юқори қўшилган қийматли инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришни биргаликда ташкил этиш орқали юқори технологик лойиҳаларни кўпайтиришдан манфаатдорлиги билдирилди.
Хитойнинг етакчи банклари ва “Ипак йўли” фонди билан самарали ҳамкорликка юқори баҳо берилди.
Ҳудудлараро алоқалар фаоллашгани қайд этилди. Йил бошидан Ўзбекистонга Шинжон-Уйғур автоном ҳудуди, Шэньси, Шаньдун, Цзянсу ва Цзянси музофотлари делегациялари ташриф буюрди.
Хитойнинг камбағалликка қарши курашиш тажрибасини ўрганиш ва жорий этиш борасида самарали тажриба алмашиш ва амалий ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Барча келишувлар ижросининг боришини кўриб чиқиш мақсадида Ҳукуматлараро қўмитанинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш таклиф қилинди.
Етакчилар маданият, таълим ва туризм соҳаларида қизғин ҳамкорликни юксак баҳоладилар. Хитой 2023 йилни “Марказий Осиё ва Хитой халқлари маданияти ва санъати йили” деб эълон қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирилди.
Яқинда Ханчжоудаги Ипак миллий музейида Ўзбекистоннинг тақдимоти бўлиб ўтди. Пекиндаги “Гугун” саройи музейида “Макон ва йўл” ташаббуси доирасидаги Археологик ҳамкорлик кўргазмасида тарихий меросимиз экспозицияси ташкил этилди.
Октябрь ойи охирида Ўзбекистонда Хитой маданияти кунлари, келгуси йил баҳорида эса Хитойда Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказиш режалаштирилган.
Ўзбекистонда, айниқса ёшлар орасида хитой тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Тошкент ва Самарқанддаги Конфуций институтининг самарали фаолияти бунга катта ҳисса қўшмоқда. Хитой тилини ўқитишни ва ёш олимлар ўртасидаги алмашинувни кенгайтириш режалари белгилаб олинди.
Ўзбекистон Президенти Тошкентда Хитойнинг етакчи Цинхуа университети ва Пекин университети филиалларини очишни таклиф қилди.
Минтақавий кун тартиби ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
“Ягона Хитой” сиёсати ҳамда “уч ёвуз куч”га қарши курашиш борасидаги позиция ўзгармас экани тасдиқланди.
Учрашувда илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.
Музокаралар якунида давлатимиз раҳбари ХХР Раисини ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.
Учрашув ҳар доимгидек ишончли, очиқ ва дўстона руҳда ўтди.