Бугун, 30 август куни мамлакатимизга янги тайинланган хорижий элчилар томонидан ишонч ёрлиқларини топшириш тантанали маросими бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси элчиси Юй Цзюнь, Малайзия элчиси Илҳом Туа Бин Илёс, Буюк Британия элчиси Тимоти Смарт, Туркманистон элчиси Шодурди Мередов ва Бангладеш Халқ Республикаси элчиси Муҳаммад Монирул Исломдан ишонч ёрлиқларини қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари хорижий дипломатик ваколатхоналарнинг янги тайинланган раҳбарларини Ўзбекистондаги фаолияти расман бошлангани билан самимий қутлади.
Тантанали маросим Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқи давлат мустақиллигининг 32 йиллигини кенг нишонланаётган пайтда ўтказилаётгани рамзий маънога эга экани қайд этилди.
Жорий йилда мамлакатимизда умумэътироф этилган демократик нормаларга мувофиқ муҳим сиёсий тадбирлар – янгиланган Конституцияни қабул қилиш бўйича референдум ва Президент сайлови муваффақиятли ўтказилгани таъкидланди. Уларнинг натижалари амалга оширилаётган ислоҳотлар ортга қайтмаслигини мустаҳкамлаб қўйди. Бу “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам ўз ифодасини топди.
Ўзбекистон етакчиси дунёда геосиёсий кескинлик кучайиб, ўзаро ишонч сусайиб бораётган, турли минтақаларда янги низо ўчоқлари вужудга келиб, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга таҳдидлар ортаётган шароитда Ўзбекистон очиқ ва прагматик ташқи сиёсат юритаётганини алоҳида таъкидлади.
Жаҳондаги барча мамлакатлар билан ўзаро ҳурмат ва амалий ҳамкорликка асосланган муносабатлар тизимли ривожланмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар ва минтақавий тузилмалар билан кўп томонлама шериклик мустаҳкамланмоқда.
Жорий йилда мамлакатимизда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ҳамда Жаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг юбилей сессияси бўлиб ўтади.
Давлатимиз раҳбари янги элчилар вакиллик қилаётган мамлакатлар билан муносабатларни сифат ва мазмун жиҳатидан мутлақо янги даражага олиб чиқишга доир қатор муҳим масалаларга эътибор қаратди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Хитойдан янги тайинланган элчига мурожаат қилар экан, Пекин бизнинг ишончли ва вақт билан синалган дўстларимиздан бири экани, у билан муносабатлар кейинги йилларда ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилганини қайд этди.
– Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин жанобларининг бир йил аввал мамлакатимизга амалга оширган тарихий давлат ташрифи ҳамда жорий йил май ойида Сиань шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Хитой” саммити доирасидаги самарали учрашувимиз икки томонлама муносабатларга кучли суръат бағишлади, – деди Ўзбекистон етакчиси.
Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида ўзаро савдони кўпайтириш, Хитойнинг етакчи компаниялари билан юқори технологиялар ва инновациялар борасидаги шерикликни кенгайтириш, “яшил” иқтисодиёт, рақамлаштириш, сунъий интеллект, қайта тикланувчи энергетика, илғор саноат ва инфратузилма, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва фармацевтика бўйича қўшма лойиҳа ва дастурларни рўёбга чиқариш, фан-таълим ва маданий алмашинувларни жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Октябрь ойида Хитойда бўлажак “Бир макон, бир йўл” халқаро форуми доирасида олий даражали учрашув ўтказилиши режалаштирилган.
Малайзия – Ўзбекистоннинг Жануби-Шарқий Осиёдаги муҳим ҳамкори.
– Муносабатларимиз ўзаро ҳурмат ва анъанавий дўстлик тамойиллари асосида изчил ривожланмоқда. Давлатларимизнинг долзарб глобал ва минтақавий масалаларга доир қарашлари ва ёндашувлари ўхшаш ёки яқин, – деди Ўзбекистон Президенти.
Электроника ва электротехника, ахборот технологиялари, озиқ-овқат саноати, туризм, таълим ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни янада ривожлантириш, Малайзиянинг етакчи компаниялари, айниқса, нефть-кимё корхоналари билан шериклик алоқаларини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Тошкент ва Урганч шаҳарларида Малайзиянинг “Бинари” университети муваффақиятли ишламоқда.
Фаол ўзаро ташрифлар ҳам олий даражадаги учрашувлар учун яхши замин яратмоқда.
Жаҳонда улкан сиёсий, иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятга эга Буюк Британия Ўзбекистоннинг узоқ муддатли ва муҳим ҳамкоридир.
Кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасида дўстлик ва ўзаро ҳурматга асосланган кенг алоқалар йўлга қўйилиб, барқарор ривожланмоқда, янги лойиҳалар ва аниқ дастурлар билан бойимоқда.
Парламентлар, суд идоралари, адлия, таълим ва молия вазирликлари ўртасидаги шериклик кенгаймоқда.
Ўзбекистон ва Буюк Британия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа нуфузли халқаро тузилмалар доирасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйган.
Иқтисодий йўналишда ўзаро савдо ҳажми юқори суръат билан кўпаймоқда.
Ўзбекистон раҳбари мамлакатимиз инвестициялар ва инновациялар соҳасидаги ишга солинмаган улкан салоҳиятни тўлиқ рўёбга чиқаришдан манфаатдор эканини қайд этиб, банк иши ва молия, рақамли иқтисодиёт, “яшил” энергетика, геология, кимё ва бошқа устувор йўналишларда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш таклифини билдирди.
Туркманистон – энг яқин қўшнимиз. Тили, дини ва урф-одатлари муштарак бўлган халқларимиз кўп асрлар давомида ёнма-ён яшаб келмоқда.
Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар кейинги йилларда барча йўналишларда – сиёсат, парламентлараро алоқалар, савдо ва иқтисодиёт, транспорт, энергетика, сув ва қишлоқ хўжалигида, маданий-гуманитар соҳада янги даражага кўтарилгани мамнуният билан қайд этилди.
Ўзбекистон Президентининг Ашхободга яқиндаги ташрифи, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов билан сермаҳсул музокаралар стратегик шерикликнинг янада чуқурлашишига хизмат қилди.
– Биз савдо алоқаларини кенгайтириш, иқтисодий соҳада ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва аниқ лойиҳаларни амалга ошириш, юк ташиш ва транзит ҳажмини кўпайтириш учун улкан салоҳиятга эгамиз, – деди Ўзбекистон етакчиси.
Кўп қиррали алоқаларни, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, бошқа етакчи халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги яқин мулоқотни ва ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини давом эттириш нияти билдирилди.
Бангладеш Халқ Республикаси – Жанубий Осиё ва бутун ислом оламида тез ривожланаётган давлат. Мамлакатларимиз ўртасидаги мулоқотлар фаоллашган.
Сиёсий ва савдо-иқтисодий йўналишларда “йўл хариталари” қабул қилинган. Тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, туризм тармоқларида шерикликни кенгайтириш, янги инвестиция лойиҳалари ва қўшма дастурларни амалга ошириш истиқболлари белгилаб олинган.
Маросим якунида Ўзбекистон Президенти элчиларга масъулиятли ва шарафли фаолиятида катта муваффақиятлар тилади, мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги муносабатларни янада юксалтириш учун фаолроқ ишлаш ва ҳудудларимизга кўпроқ боришга чақирди.
Дипломатлар самимий қабул, самарали фаолиятига яратилган шароитлар учун миннатдорлик билдириб, бор билим ва саъй-ҳаракатларини икки томонлама алоқаларни янада ривожлантиришга қаратишларини таъкидладилар.