Ҳурматли Амир Аъло Ҳазратлари!
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Хонимлар ва жаноблар!
Бугун азим Тошкент шаҳрида Коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак халқаро мукофот билан тақдирлаш маросимида сизларни кўриб турганимдан беҳад хурсандман.
Янги Ўзбекистон заминига хуш келибсиз, азиз меҳмонлар!
Авваламбор, ушбу тантанали тадбирни юртимизда ўтказиш бўйича таклифлари ва яқиндан кўрсатган кўмаклари учун мазкур нуфузли мукофот асосчиси, қадрли биродарим Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний Аъло Ҳазратларига ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасига чуқур миннатдорчилик изҳор этаман.
Фурсатдан фойдаланиб, анжуманда иштирок этаётган қатарлик дўстларимизни ва улар сиймосида ушбу мамлакат халқини кеча кенг нишонланган Мустақиллик байрами билан самимий муборакбод этаман.
Таъкидлаш ўринлики, Амир Аъло Ҳазратларининг оқилона раҳбарлиги остида сўнгги йилларда Қатар Давлати янгиланиш руҳи билан яшамоқда, мамлакатда катта ўзгаришлар амалга оширилаяпти, оламшумул ва буюк ютуқлар қўлга киритилмоқда. Бунга бетакрор Доҳага ташрифим чоғида ўзим шахсан амин бўлдим.
Юксак савияда ўтказилган футбол бўйича жаҳон чемпионати, Кам ривожланган давлатлар бўйича халқаро конференция ва “Экспо Доҳа– 2023” бутунжаҳон кўргазмаси, кўплаб халқаро ташаббуслар Қатарнинг глобал ҳамкорлик ва дипломатия марказига айланиб бораётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Шу ўринда, давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар бизнинг фаол мулоқотларимиз натижасида мутлақо янги босқичга кўтарилганини алоҳида мамнуният билан қайд этмоқчиман. Биз биргаликда катта лойиҳаларни бошладик. Бугунги тадбир айнан юртимизда ўтказилаётгани эса мақсадларимиз уйғун ва ҳамоҳанг эканининг ёрқин рамзий ифодасидир.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Албатта, шиддат билан ўзгараётган дунёдаги энг долзарб муаммолардан бири бўлган коррупцияга қарши курашиш соҳасида глобал мукофотнинг таъсис этилгани ва уни топширишга бағишланган маросимлар барча қитъаларда ўтказиб келинаётгани юксак эътирофга сазовордир.
Зеро, коррупцияга қарши курашиш ҳар бир соф виждонли инсоннинг, демократик жамият ва давлатнинг муқаддас бурчидир.
Ушбу нуфузли мукофот орқали коррупцияга қарши курашишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган жаҳондаги энг фаол шахсларнинг эътироф этилиши бундан роппа-роса 20 йил аввал қабул қилинган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши курашиш конвенцияси талабларини ҳаётга изчил ва тўлиқ татбиқ этишга хизмат қилади.
Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
Башарият тарихига назар солсак, коррупция иллати ҳатто энг қудратли ва энг кучли давлатларни ҳам жар ёқасига олиб келганига ва тўлиқ пароканда қилганига гувоҳ бўламиз.
Коррупция бутун инсониятга, барча жамиятлар асосига, иқтисодий тараққиётга зарба берадиган, қонун устуворлигини бузадиган ва халқнинг давлат сиёсатига ишончини кескин сусайтирадиган, демократик институтлар ривожига тўсқинлик қиладиган хатарли таҳдиддир ва у барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасидаги режаларимизга ҳам жиддий путур етказади.
Таҳлилларга кўра, ҳозирда коррупциянинг дунё миқёсидаги зарари 3 триллион АҚШ долларига яқин миқдорни ташкил қилмоқда. Аммо, мен бу катта рақамлар ҳақиқий ҳолатни ва коррупция натижасида кўрилаётган реал зарарнинг аниқ ҳажмини тўлиқ ифода эта олмайди, деб ҳисоблайман. Энг ёмони – жамият кўрадиган маънавий зарар кўламини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.
Мазкур ўткир муаммонинг оқибатларини чуқур англаган ҳолда, биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон банки, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти каби нуфузли халқаро тузилмалар билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз.
Коррупцияга қарши курашиш борасида ҳуқуқий ва институционал ислоҳотларни тизимли амалга оширмоқдамиз. Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунни қабул қилиб, махсус ваколатли Агентликни ташкил этдик. Ҳукумат фаолиятининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш ва масъулиятини ошириш, бюрократияни камайтириш ва давлат хизматларини соддалаштириш, коррупциянинг олдини олишга қаратилган превентив механизмларни амалиётга кенг жорий этаяпмиз. Хусусан, барча давлат идораларида комплаенс ва самарадорликни баҳолаш рейтинг тизимлари йўлга қўйилди. Давлат харидлари тўлиқ рақамлаштирилди.
Ўзбекистон 2021 йилда Халқаро Очиқ маълумотлар хартиясига аъзо бўлди. Мамлакатимиз Истанбул ҳаракатлар дастури, Глобал оператив тармоқ, Евроосиё ва Эгмонт гуруҳлари, бошқа кўплаб платформаларда самарали иштирок этиб келмоқда. Ғарбий ва Марказий Осиё давлатларининг активларни қайтариш тармоғининг Котибияти вазифасини бажармоқда.
Ҳар йили Тошкентда анъанавий Халқаро аксилкоррупция форуми ўтказиб келинмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз “Transparency International” индексида 42 поғонага кўтарилди ва бу борада минтақамизда энг юқори ўринни эгалламоқда. 2030 йилга қадар мазкур рейтингдаги ўрнимизни яна 50 поғонага яхшилаш мақсадини кўзлаганмиз. “Open Data Inventory” рейтингида эса жорий йилда 30-ўринга кўтарилдик. Очиқ маълумотлар манбалари бўйича Ўзбекистон дунёда 4-ўриндан жой олган.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Демократик ислоҳотлар ортга қайтмас тус олган Янги Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш борасида ҳам катта режа ва вазифаларни ўз олдимизга қўйганмиз.
Бу масъулиятли ва муросасиз кураш йўлида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ва барча халқаро ҳамкорларимиз билан биргаликда бор кучимизни сафарбар этишга тайёрмиз.
Биринчидан, Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегияни ишлаб чиқиб, ҳаётга татбиқ этамиз. Давлат идоралари фаолиятининг янада шаффофлигини таъминлаш ва ҳисобдорлигини ошириш, очиқ маълумотлар тизимини такомиллаштириш, соҳанинг ҳуқуқий асослари ва институционал механизмларини мустаҳкамлашга алоҳида урғу берамиз.
Иккинчидан, коррупцияга қарши курашдаги минтақавий ва глобал ташаббус ва янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаймиз ва уларда фаол қатнашамиз. Бу борада ўтган ойда Тошкентда ишга тушган Коррупцияга қарши курашиш конвенциясининг Минтақавий платформасидан кенг фойдаланмоқчимиз.
Шу билан бирга, нодавлат нотижорат ташкилотларини фаол жалб этган ҳолда, ўзаро тажриба алмашиш ва мулоқотларни кучайтириш, илмий изланишлар олиб бориш мақсадида Коррупция муаммолари бўйича минтақавий тадқиқот марказини ташкил этишни таклиф этаман.
Учинчидан, биз Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг хорижий турдош муассасалар билан яқин ҳамкорлигини кучайтириш орқали унинг салоҳият ва имкониятларини янада оширамиз. Энг илғор халқаро тажрибага асосланган янги механизмлар татбиқ қилинади, жумладан, коррупция ҳолатлари бўйича “дастлабки ўрганиш” – коррупцион суриштирув институти жорий этилади.
Тўртинчидан, онги ва қалби болаликдан “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланган янги авлодни камолга етказиш устувор вазифамиздир. Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши таълим ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш глобал ресурси дастурини Ўзбекистонда кенг жорий этишдан манфаатдормиз.
Бешинчидан, коррупцияга қарши курашишдек мураккаб жараёнларда энг олдинги сафларда бораётган оммавий ахборот воситаларининг ўрнини алоҳида қадрлаймиз.
Шу маънода, бизнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича журналистлар имкониятларидан унумли фойдаланиш ва улар таъсирини янада ошириш учун Глобал медиа форумни ўтказиш таклифимизни сизлар қўллаб-қувватлайсиз, деб ишонамиз.
Ҳурматли дўстлар!
Мазкур халқаро мукофот билан тақдирланган барча шахслар илк бор бир жойга жамлангани ва улар иштирокида ташкил этилаётган Ғолиблар учрашуви ҳам катта аҳамиятга молик воқеликдир.
Ўз тараққиёт ютуқларини ва фойдали сармояларини дунё халқлари билан баҳам кўраётган, коррупцияга қарши курашда ғайрат ва шижоат кўрсатаётган Қатар Амирининг глобал даражадаги саъй-ҳаракатлари барчамизнинг эзгу интилишларимиз билан бирлашиб, албатта ўзининг улкан ижобий натижаларини беради.
Ушбу мавзуга бағишлаб ўрнатилган монументдаги коррупцияни тўхтатиш учун кўтарилган очиқ қўллар каби бугунги анжуманда иштирок этаётган, адолат йўлидаги қатъиятли ва толмас қаҳрамонларимиз қўлларини пок қалб ва виждон амримиз билан маҳкам тутамиз. Олиб бораётган шарафли ишларингизда сизлар билан доимо биргамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, нуфузли мукофотнинг барча совриндорларини чин қалбимдан қизғин табриклайман.
Анжуманимизда қатнашаётган хорижий меҳмонларимизга яна бир бор чуқур ташаккур изҳор этаман.
Барчангизга масъулиятли фаолиятингизда куч-ғайрат, янги муваффақиятлар, бахт ва омадлар ёр бўлишини тилайман.
Эътиборингиз учун раҳмат.