Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи доирасидаги тадбирлар якунига етди.
Куни кеча Ўзбекистон раҳбари Президент Эмомали Раҳмон билан тор доирада ва кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказди. Давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатларда янги тарихий босқични бошлаб берган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзоладилар.
Президентларнинг фармонлари билан юксак фахрий унвонларга сазовор бўлган икки мамлакат маданият ва санъат арбобларидан бир гуруҳини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Етакчилар биргаликда “Дўстлик оқшоми” концерт дастурини томоша қилдилар.
Бугун Президентимиз Тожикистон Парламенти қуйи палатаси Раиси Маҳмадтоир Зокирзода ва Бош вазир Қоҳир Расулзода билан учрашувлар ўтказди.
Давлат раҳбарлари мамлакатимизнинг Душанбедаги элчихонаси янги биносини тантанали равишда очиб бердилар ҳамда Ўзбекистон саноат маҳсулотлари кўргазмаси билан танишдилар.
Душанбе халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Президент Эмомали Раҳмон кузатиб қўйди. Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентга қайтиб келди.