Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Италияга расмий ташрифнинг биринчи кунида БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) офисига ташриф буюрди ва унинг бош директори Цюй Дунъюй билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон билан ушбу муҳим ихтисослаштирилган халқаро институт ўртасидаги ҳамкорликни, энг аввало, аграр тармоқни модернизация қилиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш каби устувор йўналишларда кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари кейинги йиллардаги самарали ҳамкорлик натижаларини алоҳида мамнуният билан қайд этди.
Ўзбекистонда ФАО офиси муваффақиятли фаолият юритмоқда. Охирги бир неча йилда ҳамкорлик портфели уч баробар кенгайди ва бугунги кунда ер ва сувдан фойдаланиш, агросаноат мажмуи, ўрмон хўжалиги, экология, чорвачилик ва кўплаб бошқа йўналишларни қамраб олган.
Глобал миқёсда озиқ-овқат хавфсизлигига хатарлар кучайиб бораётган шароитда шерикликни янада кенгайтиришдан томонлар манфаатдор экани қайд этилди.
Озиқ-овқат хавфсизлиги, фундаментал илмий тадқиқотлар, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, Оролбўйининг экологик муаммоларини ҳал қилиш ва бошқа соҳаларда аниқ лойиҳа ва тадбирларни амалга оширишни назарда тутадиган 2030 йилга қадар ҳамкорлик бўйича янги кенг кўламли дастурни ишлаб чиқиш устувор йўналиш сифатида белгилаб олинди.
ФАО шафелигида Самарқандда ўтказиладиган юқори даражадаги халқаро конференцияга тайргарлик масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Бош директор Цюй Дунъюй Ўзбекистонда аграр соҳани модернизация қилишга қаратилган таркибий ислоҳотларни қўллаб-қувватлади.
Учрашув якунида мамлакатимиз етакчиси бош директорга шу йил июль ойида бўлажак ФАО раҳбари сайловида муваффақиятлар тилади.
Шу билан биринчи куннинг тадбирлари якунланди. Давлатимиз раҳбари Милан шаҳрига жўнаб кетди. Эртага у ерда ташрифнинг ишбилармонлик дастури бўлиб ўтади.