Билдириш
Ижтимоий тармоқ орқали “Орадан 4 ой ўтмай Samsung телевизор куйиб қолди ва биз ремонт учун Samsung сервис марказига мурожаат қилдик, аммо бугунги кунгача уни ололмай сарсон бўлаяпмиз…” мавзуида мурожаат қолдирилган.
Қорақалпоғистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Ўрганишлар давомида Қорақалпоғистонда истиқомат қилувчи фуқаро Хоразм вилояти, Гурлан туманида жойлашган “Йўлдош”хусусий фирмасидан бир ой кафолатли муддатга келишиб, телевизор харид қилгани, аммо 4 ойдан сўнг телевизор носоз ҳолатга келгани ва уни таъмирлашда муаммолар юзага келаётгани аниқланди.
Хусусан, фуқарога сотилган телевизори учун “Urgench Smart Tech Service” хусусий корхонаси (“Samsung” сервис маркази) мутахассислари томонидан тақдим қилинган техник хулосага кўра, мазкур телевизор маҳсулоти Хитой Республикасида ишлаб чиқарилганлиги, бироқ “Samsung” компанияси маҳсулотига кирмаслиги билдирилган. Бундан ташқари, дўкон томонидан турли баҳоналар билан товар қайтариб олинмаган.
Мурожаат бўйича “Йўлдош” хусусий фирмасига юборилган сўров хатига жавобан фуқаронинг ўз истаги билан мазкур телевизор “Жалоладдин телеком” ХК устахонасида таъмирлангани билдирилган.
Шунингдек, мурожаатда ушбу савдо шохобчасида контрабанда маиший техникалари сотилаётганлиги ва ўзига етказилган зарарни қоплашда ҳам амалий ёрдам сўралган.
Рақобат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунининг 25-моддасига асосланган ҳолда фуқаронинг мурожаатида келтирилган масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги божхона қўмитаси ваколати доирасида кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқлигини билдиради.