Қашқадарё вилоятида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг кенг жамоатчилик вакиллари билан навбатдаги очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Унда Қўмита раиси маслаҳатчиси О.Усмонов, бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамда ОАВ ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Мулоқотда ҳудудий бошқарма бошлиғи С.Садиков томонидан 2024 йил якунлари ва 2025 йил 1-чорагида амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот тақдим этилди.
Учрашувда фуқаролар томонидан билдирилган 10га яқин мурожаат ва таклифлар тингланиб, уларни ҳал этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Жумладан:
З.Бобоназарованинг истеъмолчиларга етказиб берилаётган ичимлик суви босими пастлиги, шунингдек ўз вақтида етказиб берилмаётганлиги ҳақидаги мурожаати қабул қилиниб, кўриб чиқиш учун ижрога йўналтирилди.
“GISSARNEFTGAZ” МЧЖ раҳбарининг давлат харидлари жараёнини маълум бир истисноли ҳолатларда(ишлаб чиқариш тўхтаб қолмаслиги учун) тўғридан-тўғри шартномалар қисмига ўзгартириш киритиш, шунингдек, тадбиркор А.Норбоевнинг қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясини тадбиркорлик субъектлари томонидан сотиш нархини ҳам ҳозирги нарх белгилаш ўзгаришларидан келиб чиқиб, ошириш бўйича берган таклифлари тингланди.
З.Хўшбоқова томонидан бизнесни ривожлантириш бўйича онлайн дарс муддатли тўлов асосида сотиб олинган, бироқ дарс мазмуни рекламада кўрсатилганидек эмаслиги аниқланган ва тўловлари қайта ҳисоб-китоб қилиниб, мурожаати ижобий ҳал этилгани муносабати билан фуқаро бошқармага ўз миннатдорчилигини билдирди.
Маълумот ўрнида:
Мурожаатлар ва ўрганишлар натижасида 2024 йил давомида 20 млрд сўмдан ортиқ ҳамда 2025 йил 1-чоракда 1,5 млрд сўмга яқин пул маблағлари истеъмолчилар ва тадбиркорлик субъектлари фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.
Бундай очиқ мулоқотлар аҳоли, тадбиркорлар ва давлат органлари ўртасидаги ишончни янада мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда уларни тезкорлик билан ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.