Грузия Миллий рақобат агентлигининг таклифига асосан Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директори Хаитметов Элмурат Сидикматович ҳамда Қўмитанинг Қонун ҳужжатлари ва давлат органлари қарорларининг рақобат муҳитига таъсирини ҳамда давлат кўмагини самарадорлигини баҳолаш бошқармаси бошлиғи Фаязов Улуғбек Набижанович жорий йилнинг 16-17 ноябрь кунлари Тбилиси шаҳрида ўтказилаётган “Рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этишмоқда.
Ушбу халқаро конференцияда Грузиянинг Бош вазири, Парламенти раиси, Ташқи ишлар вазири, Иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазири, Миллий рақобат агентлиги раиси, Озарбайжон Республикасининг Монополияга қарши курашиш ва истеъмол бозорини назорат қилиш давлат хизмати бошлиғи, Литва ва Молдова республикаларининг Рақобат кенгашлари раислари, Шимолий Македониянинг Рақобатни ҳимоя қилиш комиссияси раиси, Албания Рақобат идораси раиси, ЮНКТАДнинг Рақобат ва истеъмол сиёсати бўлими бошлиғи, бир қатор халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар рақобатни ривожлантириш ва монополияга қарши курашиш идоралари, бизнес сектори вакиллари иштирокида бўлиб ўтади.
Конференция кун тартибига мувофиқ тадбир давомида рақобат сиёсатидан тортиб истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларигача бўлган асосий масалалар ва монополияга қарши курашиш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида фикр ва тажриба алмашиш, шунингдек ваколатли органлар ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш мақсад қилинган.
Шунингдек, конференциянинг иккинчи кунида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан Грузия Миллий рақобат агентлиги ўртасида рақобат қонунчилигини қўллаш соҳасида ўзаро англашув ҳамда ҳамкорлик тўғрисида меморандумни имзолаш режалаштирилган.