Жорий йилнинг 7-9 октябрь кунлари Рақобат қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази томонидан
“Давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини рақобат қонунчилиги талабларига мувофиқлаштириш” мавзусида навбатдаги ташкилотлар ходимларининг малакасини ошириш ҳамда соҳага доир билим ва салоҳиятини янада такомиллаштиришга қаратилган ўқув курслари бўлиб ўтди.
Мазкур ўқув курслари доирасида, монополияга қарши комплаенс ва Давлат харидлари бўйича масъул ходимларига монополияга қарши тартибга солиш, нарх ва тарифларни назорат қилиш, шунингдек, инсофсиз рақобат амалиётларига, тил бириктиришлар ва картель келишувларга қарши курашиш, молиявий жарималарни қўллаш ҳолатлари ва тартиби ҳамда уларни олдини олиш каби янги қоидалар ҳақида маълумотлар берилди.
Шунингдек, рақамли платформа операторининг устун мавқеи ва устун музокара кучини эътироф этиш ҳамда рақобатнинг чекланишига ва (ёки) истеъмолчиларнинг, бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситишга олиб келадиган ҳаракатларни аниқлаш тартиблари юзасидан курс тингловчиларининг 100 дан ортиқ берилган саволларига мутахассислар томонидан тўлиқ жавоблар берилди.
Ўқув курси якунида тингловчиларнинг монополияга қарши комплаенс соҳасини ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича фикр-мулоҳазалари ва таклифлари биргаликда муҳокама қилинди.
Ўқув семинар сўнгида тингловчиларга курс бўйича махсус сертификатлар топширилди.
Каналга уланиш https://t.me/RaqobatGovUz