Юртимизнинг тарихи бой, табиати гўзал, халқи меҳмондўст. Асосийси, ўтган асрларда бунёд этилган археология ва монументал санъат ёдгорликлари, масжид ва мадрасалар, тарихий қароргоҳлар, уй музейлари, зиёратгоҳлар, маданият бинолари, тарихий иншоотлар, театр ва фотосурат уйлари каби ноёб, қадимий осори-атиқалар, моддий ва маданий мерослар хорижий сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Шу сабабли, ўтган асрларга тегишли бўлган миллий бойлигимиз ва фахримиз ҳисобланган моддий маданий меросларни асл ҳолида асраб-авайлаш ва келажак авлодга етказиш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Аммо баъзида маданий тарихий ёдгорликларга ташқи реклама баннерлари, турли ўлчамдаги билбордларни ўрнатиш, уларга мих қоқиш, симлар билан осиш ва бошқа усуллар билан ўрнатиб, унга зиён етказилаётган ҳолатлар ҳам учраб туради. Бу қонунга хилоф ҳаракатларнинг барчаси, биринчи навбатда давлат муҳофазасида бўлган моддий маданий мерос объектларига зарар етказилишига олиб келади.
Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 26-моддасида, ташқи реклама ва ахборот объектларига (конструксияларига) доир асосий талаблар белгилаб берилган. Унга кўра, моддий маданий мерос объектларида ташқи рекламани жойлаштириш тақиқланади. Бу меъёр асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган тарихий обидаларни асраб-авайлаш мақсадида мустаҳкамланган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан бундай қоидабузарликларни олдини олиш мақсадида ўрганишлар ўтказиб келинмоқда. Шунингдек, тадбиркорлар ва аҳоли ўртасида “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳиятига бағишланган тарғибот тадбирларини мунтазам равишда ташкил этиб келмоқда.
Маълумот ўрнида: ушбу соҳага оид Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган бўлиб. Унга кўра, моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳамда давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш бўйича жавобгарлик чоралари кучайтирилган.