ЛАБОРАТОРИЯДАГИ ХАТО: НОТЎҒРИ ТАҲЛИЛЛАР УЧУН КИМ ЖАВОБГАР?
— Тошкент шаҳрида жойлашган “SWISS LAB” МЧЖнинг Чилонзор тумани филиалида 15 турдаги лаборатория текширувидан ўтиш мақсадида 698 000 сўм миқдордаги тўловни амалга оширдим. Лаборатория хулосасида креатинин ва мочевина кўрсаткичларим юқори чиққанлиги билдирилган. Бундай натижадан ажабланиб, шифокорга тиббий маслаҳат олиш мақсадида бордим. Шифокор қайта текширувдан ўтишни
тавсия қилди ва “Дармон Диагностика” МЧЖ ҳамда Республика ихтисослаштирилган неврология ва буйрак трансплантaцияси илмий-амалий тиббиёт марказларига қайта таҳлил топширишга мажбур бўлдим ва иккала текширув хулосаларида қон кўрсаткичларим меъёрида чиқди. Нотўғри таҳлиллар учун ким жавоб беради? В.Ч. Тошкент шаҳри
— Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига тиббиёт муассасаларида кўрсатилаётган хизматларнинг сифатсизлиги юзасидан фуқаролардан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Рақобат қўмитаси мурожаатни тўлақонли ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бошқармасига юборган сўров хати бўйича ўрганиш олиб борилди. Бунга жавобан келтирилган маълумотларда, “SWISS LAB” МЧЖ томонидан фуқаро қон топширганда преаналитик (лабораторияга қадар) жараёнда қон олувчи ҳамширанинг масъулиятсизлиги сабаб пробиркаларни маркировкалашда хатоликка йўл қўйилгани аниқланган. Аммо фуқаронинг нотўғри хулоса чиқариб берган таҳлил учун “SWISS LAB” МЧЖга тўлаган пул маблағларини қайтариш бўйича мурожаати ижобий ҳал этилмаган. “SWISS LAB” МЧЖнинг хатти-ҳаракатларида “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилиши аломатлари борлигини инобатга олиб, Қўмита Махсус комиссияси томонидан “SWISS LAB” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилган. Махсус комиссиянинг қабул қилган қарорига кўра, ушбу ҳолатда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 6, 20-моддалари талаблари бузилган деб топилиб, уларни бартараф этиш тўғрисида МЧЖга тегишли кўрсатма берилган. Бироқ жамият Махсус комиссиянинг иш юзасидан қабул қилган қарори кўрсатмасини бажариш ўрнига, уни бекор қилиш бўйича шикоят аризаси билан мурожаат қилган. Ўз навбатида Апелляция кенгаши қарор ҳамда кўрсатма ўзгаришсиз қолдирилиши тўғрисида қарор қабул қилган. Шунга қарамай, “SWISS LAB”
МЧЖ мазкур кўрсатмани бекор қилишни сўраб, судга ариза берган. Тошкент туманлараро маъмурий суди томонидан ушбу ариза кўриб чиқилиб, “SWISS LAB” МЧЖ аризасини қаноатлантиришни рад қилиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилган.
Албатта, тиббий-лаборатор текширувларга ҳар бир муассаса ва, албатта, тиббиёт ходимлари масъулият билан қараши лозим. Акс ҳолда нотўғри хулосалар оқибатида қўйилган ташҳис ва тайинланган муолажалар инсон саломатлигини ва ҳаётини хавф остига қўйиши мумкин.