Коммунал, савдо ва реклама соҳаларида тушаётган мурожаатлар ижобий ечим топмоқда
Ўрганишлар ҳудудлар кесимида:
Наманган вилояти. Газ ҳисоблагич носозлиги бартараф этилди, асоссиз қарздорлик бекор қилинди
Ҳудудий бошқарма томонидан Мингбулоқ туманида яшовчи фуқаро А.А.нинг газ бўйича қилган мурожаати “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали Мингбулоқ туман бўлими билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилди.
Ўрганишлар натижасида газ ҳисоблагичнинг аниқланган техник носозлиги бартараф этилди ҳамда асоссиз ҳисобланган 712 000 сўм қарздорлик истеъмолчи фойдасига ҳал тилиши таъминланди.
Бухоро вилояти. Ташқи реклама объекти паспортисиз ўрнатилгани учун жарима қўлланилди
Ҳудудий бошқарма томонидан ўтказилган ўрганишларда “PROVANS BOG‘I” ФХ томонидан ўрнатилган ташқи реклама объекти (конструкцияси)да реклама жойининг паспорти мавжуд бўлмаганлиги аниқланди.
Ушбу тадбиркорлик субъектига нисбатан Махсус комиссия томонидан молиявий жарима қўлланилиб, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича кўрсатма берилди.
Сирдарё вилояти. Аҳолининг бошқарув сервис компанияси олдидаги 45 млн сўмдан зиёд қарздорлиги бекор қилиниши таъминланди.
Ҳудудий бошқармага Боёвут туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ф.Ҳ. мурожаат қилиб, кўп қаватли уйга хизмат кўрсатувчи бошқарув сервис компанияси томонидан кўрсатилаётган хизматлардан норозилигини билдирган.
Ўрганишларда “Соҳил” МФЙда жойлашган 2-сонли хизмат кўрсатувчи БСК томонидан ўз вақтида ва тегишли тартибда хизмат кўрсатилмаганлиги аниқланиб,мазкур кўп қаватли уйда яшовчи аҳолининг бошқарув сервис компанияси олдидаги 45 млн сўмдан зиёд қарздорлиги бекор қилиниши таъминланди.
Хоразм вилояти. Кафолат муддатидаги носоз музлаткич бепул таъмирланди
Шовот туманида истиқомат қилувчи фуқаро О.Н. кафолат муддати билан 6 000 000 сўмга харид қилган музлаткичи носоз чиққани, аммо тадбиркорга қилган мурожаатига қарамасдан муаммоси ҳал этилмаётгани юзасидан мурожаатини қолдирган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ўрганишларда ушбу товар кафолат муддатида носоз ҳолатга келиб қолганлиги ўз тасдиғини топди. Шундан сўнг тадбиркорлик субъектига соҳага оид қонун бўйича тушунтириш берилиши натижасида фуқаронинг музлаткичи кафолат шартларига асосан бепул таъмирлаб берилиши таъминланди.
Самарқанд вилояти. Сув таъминотидаги муаммоларга ечим топилди
Ҳудудий бошқарма Ургут туманида фаолият юритаётган “A.M.A” МЧЖнинг мурожаатини Самарқанд ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги инспекцияси билан ҳамкорликда ўрганиб чиқди. Мурожаатда ичимлик ва техник сувга уланиш ҳамда оқова тармоғи бўйича техник шартда камчиликлар аниқланди. Ўрганиш натижасида махсус комиссия кўрсатмаларига асосан “Самарқанд сув таъминоти” АЖ Ургут бўлими тадбиркорга сув тармоғига уланиш учун тўғри техник шарт берилиши таъминланди.