Сир эмаски, шу кунгача истеъмолчилар айрим товар (хизматлар) учун банклар ва тўлов тизимлари (тўлов ташкилотлари) орқали тўловни амалга оширганда қўшимча ҳақ ундириб келинган. Мисол учун, олий ва олий таълимдан кейинги таълим, соғлиқни сақлаш муассасаларига тўловлар, мажбурий ижро учун тўловлар, коммунал хизматлар учун тўловлар ҳамда ИД-картаси ёки хорижга чиқиш учун биометрик паспорт берганлик учун истеъмолчидан қўшимча 1 фоиздан 3,3 фоизгача алоҳида воситачилик ҳақи олиб келинган.
Эндиликда бундай бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 9 мартдаги ПҚ-88-сонли қарорига мувофиқ, аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида, 2023 йил 1 майдан бошлаб қарор иловасидаги рўйхатда келтирилган тўловлар бўйича хизмат кўрсатганлик учун алоҳида қўшимча тўловлар бекор қилиниб, воситачилик ҳақи (йиғимлар) ундиришнинг янги тартиби жорий этилмоқда.
Хусусан, бенефициари (пул маблағларини олувчи субъект) буджет ва корпоратив буюртмачи ҳисобланган тўловлар бўйича тўлов хизматларини кўрсатганлик учун воситачилик ҳақи (йиғимлар) тўлов шаклидан қатъий назар тўловчи – жисмоний шахсдан эмас, балки тўлов суммасидан чегириб қолиш йўли билан ундирилади.
Бунда, воситачилик ҳақи (йиғимлар) миқдори тўлов суммасининг бир фоизигача, бироқ жами суммаси Марказий банк томонидан белгиланадиган чегаравий миқдорлардан (базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи) кўп бўлмаган миқдорда бўлиши назарда тутилган.
Ўз навбатида шуни таъкидлаш керакки, аҳоли томонидан амалга оширилган тўловлар пул маблағларини олувчи субъектга тўлиқ тўланган ҳисобланади ва воситачилик ҳақи маблағ олувчи ҳисобидан чегириб қолинади.
Мазкур қарори иловасига мувофиқ, 2023 йил 1 майдан бошлаб аҳоли турмушида кўп ҳолларда дуч келинадиган қуйидаги тўловлар бўйича истеъмолчидан қўшимча воситачилик ҳақи олинмаслиги лозим:
– барча турдаги давлат божи ва маъмурий жарималар бўйича тўловлар;
– давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари, шу жумладан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган давлат хизматларига тўловлар;
– мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал, олий ва олий таълимдан кейинги таълим, қайта тайёрлов, малака ошириш ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларига тўловлар;
– барча турдаги коммунал хизматлари учун тўловлар;
– Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш бўйича ундириладиган тўловлар;
– «Э-аукцион» электрон савдо платформаси ва «К-Савдо» автоматлаштирилган ахборот тизимига тўловлар;
– авиа, темир йўл ва бошқа жамоат транспортларига чипталарни харид қилишдаги тўловлар.
Мазкур хизматларга тўловни амалга оширганингизда, қўшимча ҳақ сўралганда ёки тўлов суммасидан чегириб қолинганда, Қўмитага ёки Марказий банкка мурожаат қилишингизни сўраймиз.